Ўзбекистонда халқаро кинофестиваль иш бошлади
Бизнес
−
29 Сентябрь 2023
339129 сентябрдан 2 октябрга қадар пойтахтимизда “Ипак йўли дурдонаси” XV Тошкент халқаро кинофестивали бўлиб ўтади.
Ўзбекистон учун “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалини ўтказиш яхши анъанага айланиб бормоқда. Бу кенг кўламли тадбир қайта тикланганидан буён учинчи йилдирки, бутун дунё киноижодкорларини бирлаштирмоқда. Ўтган йили фестивальда 500 дан ортиқ киноижодкорлар иштирок этган эди. Бу йил тадбир кўлами бундан ҳам кенг бўлиши кутилмоқда. Тадбирлар пойтахтда ҳам, Самарқандда ҳам бўлиб ўтади. Бугундан кинофестиваль ўз ишини бошлади.
Кинофестивальнинг расмий очилиш маросимида Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов сўзга чиқиб, ўтказилиши кутилаётган тадбирлар ҳамда кинематография соҳасида сўнгги йилларда бўлган ижобий ўзгаришлар ҳақида гапирди.
“Икки йил аввал Президентимиз томонидан Тошкент кинофестивалининг тикланиши
ўзбек маданий ҳаётининг том маънодаги тимсоли бўлмоқда. Жорий йилда 52 давлатдан ташриф буюрган 300 га яқин меҳмонлар орасида режиссёр, актёр ва продюсерлар билан биргаликда ишончли ҳамкорлар бор. 30 га яқин давлатлар билан ҳамкорликда кинолойиҳалар амалга оширяпмиз”, дейди у.
Бу йил диққатга лойиқ саналар кўп. Жумладан, Худойберган Девонов томонидан суратга олинган дастлабки фильмнинг 115 йиллиги, ўзбек миллий дубляж санъатининг 85 йиллиги ва Тошкент кинофестивалининг 65 йиллиги. Муҳим воқеаларни фестиваль доирасида бирлаштиришга ҳаракат қилдик, деди Ф.Абдухолиқов.
Бу йилги тадбирлар дастури қизиқарли воқеиликларга бой бўлиши кутилмоқда. Россия, Қозоғистон, Исроил, Хорватия, Япония, Польша, Франция, Латвия, Чили, Корея, Эстония, Германия, Португалия, Сингапур, Украина ва бошқа 30 дан ортиқ давлатдан киноижодкорлар иштирок этади. Кинозалларда 50 га яқин филмлар намойиш этилади. Ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари, муҳокамалар режалаштирилган.
Режиссёрлар Эмир Кустурица, Ҳасан Назер, Абдул Латиф Салазар, Кшиштоф Занусси, Александр Сокуров, Жаник Файзиев, актриса Елизавета Боярская, “Такси” филми юлдузлари Сами Насери, Фредерик Диефентал ва бошқа кўплаб кино олами юлдузларининг фестивальга ташрифи режалаштирилган.
Шунингдек, Маданият кунлари, Бутунжаҳон кино кунлари, Европа Иттифоқи мамлакатлари кинофестивалини ўтказиш, филмлар намойиши ва муҳокамалар ўтказилиши режалаштирилган. Тадбирларга кириш бепул.
Бундан ташқари, анъанага кўра, фестиваль арафасида “Кино 5 кун ичида” танловига старт берилди. Турли мамлакатлардан келган иштирокчилар қисқа вақт ичида ўз ижодий ишларини суратга олиб, ҳакамлар ҳайъатига тақдим этиши керак бўлади.
Тошкент халқаро кинофестивали матбуот хизмати
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь