Ўзбекистонда бачадон бўйни саратонига қарши чора топилди
Саломатлик
−
20 Август 2019
11490Бачадон бўйни саратони аёллар саломатлигига таҳдид қилувчи жиддий касалликлардан бири ҳисобланади. 2018 йилда дунёда бачадон бўйни саратони билан қарийб 570 000 янги касалланганлик ҳолати қайд этилган. Ҳар йили шу касалликдан 311 000 дан ортиқ аёллар вафот этади.Саратоннинг бу турининг олдини олиш борасида синалган ва самарали стратегиялар мавжуд. Улардан бири — одам папиллома вируси (ОПВ) га қарши эмлаш. Ўзбекистон бу борада биринчи қадамни қўйди, яъни шу йилнинг ноябридан бошлаб 9 ёшли қизлар ушбу касалликка қарши эмланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, бачадон бўйни саратони тарқалишига кўра жаҳонда аёлларда учрайдиган саратон касалликлари орасида тўртинчи ўринда туради. Дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида тарқалиши бўйича кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда турадиган. Касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса, ушбу хасталик барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон бези саратонидан кейин учинчи ва туғиш ёшидаги аёллар (15-44 ёш) орасида эса иккинчи ўринни эгаллайди. ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили Ўзбекистонда 1660 нафар аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинмоқда. Шу боис бутун дунёда ушбу касалликнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда 2017 йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан бу борада миллий рeжа тасдиқланган. У ўз ичига бачадон бўйни саратонини даволаш, паллиатив ёрдам кўрсатиш билан бирга, ОПВга қарши эмлаш, бачадон бўйни саратонини скрининг қилиш каби бирламчи профилактик тадбирларни қамраб олади.
Миллий эмлаш календарига кўра, Ўзбекистонда болалар давлат бюджети ҳисобидан 12 та бошқариладиган инфeкцияларга қарши эмланади. Шунинг учун ҳам мамлакатда эпидемиологик ҳолат барқарор сақланмоқда. Эндиликда ОПВга қарши вакцинанинг жорий қилиниши эса яна бир оғир касаллик — бачадон бўйни саратони касаллигининг олдини олишга хизмат қилади. Ўзбекистонда 9 ёшли ўсмир қизларни режали эмлаш шу йилнинг ноябрь ойидан бошланади. Бунинг натижасида келажакда ҳар йили 1 100 та касалланиш ва бачадон бўйни хасталиги бўйича 600 га яқин ўлим ҳолатларининг камайишига эришилади.
Қайд этилишича, айни пайтда ОПВга қарши режали эмлаш дунёнинг 92 та давлатида, улар орасида ЖССТ Европа минтақасидаги 36 мамлакатида ҳам қўлланиб келинмоқда. Бачадон бўйни саратони олди жараёнларини камайтиришдаги эмлашнинг юқори самараси клиник синовлар даврида, шунингдек, бу вакцина кўп йиллардан бери қўлланиб келинаётган давлатлар (АҚШ, Австралия, Канада, Дания, Ирландия, Швеция, Финляндия, Янги Зеландия, Шотландия) мисолида кўринган.
Анжуманда, шунингдек миллий ва халқаро экспeртларбачадон бўйни саратонининг олдини олиш ва даволаш бўйича охирги тадқиқотлар, ОПВга қарши вакцинани жорий қилишдаги бошқа давлатларнинг тажрибалари ҳақидаги маълумотларни тақдим этдилар.
LiveБарчаси