Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банки акцияларини сотиб олади

Олам

image

Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкининг 777 777 дона акциясини сотиб олади. Бу 16 сентябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланган.

Ҳужжатга кўра, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги банкнинг номинал қиймати 1000 доллар бўлган 777 777 дона акциясини сотиб олади. Улардан 168 411 таси (21,7 фоиз) пул тўланадиган акция ва 609 366 таси (78,3 фоиз) талаб бўйича тўланадиган акциялар ҳисобланади.

Тўловнинг умумий суммаси 168,411 миллион долларни ташкил қилади. Биринчи 10 миллион доллар 23 сентябргача (қарор кучга кирганидан бир ҳафта ўтгач), қолган маблағ 2026-2027 йилларда 79 миллион 205 минг 500 доллардан бўлиб тўланиши керак.

Жорий йил апрель ойида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкини ташкил этиш тўғрисидаги битимга қўшилиши ҳақидаги қонунни имзолаган эди. Қонунга кўра, банк ўз фаолиятини “халқаро шартномалар, халқаро ҳуқуқ, банк фаолияти тамойиллари ва меъёрлари асосида” олиб боради.

Маълумот учун, Евроосиё тараққиёт банки халқаро молия институти бўлиб, унга аъзо мамлакатларда иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, уларнинг савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ва сармоя киритиш орқали Евроосиё интеграциясини ривожлантириш учун мўлжалланган.

Банк 2006 йилнинг январь ойида Россия ва Қозоғистон томонидан ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи Олмаотада жойлашган. 2009 йилда Арманистон ва Тожикистон, 2010 йилда Беларусь, 2011 йилда Қирғизистон банк аъзоси бўлди. Банкнинг Санкт-Петербургда филиали ва Остона, Бишкек, Душанбе, Ереван, Минск ва Москвада ваколатхоналари мавжуд. Банкнинг устав капитали 7 миллиард долларни ташкил этади: тўланган капитал 1,5 миллиард доллар ва талаб капитали 5,5 миллиард доллар.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банки

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made