“Ўзбекистон ёшлари форуми — 2021”га старт берилди

Жамият

image

Жорий йилнинг 18 декабрь куни “Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” ҳафталигига старт берилди. Форумнинг дастлабки кунида бир қанча тадбирлар, тақдирлаш ва очилиш маросимлари ўтказилди.

Тошкент шаҳридаги Инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопаркида “Ўзбекистон учун 100 ғоя” танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда турли йўналишларга оид жами 245 та лойиҳа тақдим этилиб, улар ичидан энг илғор 100 та ғоя саралаб олинди. Лойиҳаси маъқулланган ёшлар ўз ғояларини реал ҳаётга татбиқ этиш имкониятини қўлга киритишди.

Ёшлар ижод саройида “Қизлар овози” мактабининг учинчи мавсумида иштирок этган 8 та жамоанинг финал лойиҳалар тақдимоти ҳам намойиш қилинди. Мустақил экспертлар томонидан ғолиблар аниқланди ва клубнинг бир йиллик фаолияти учун янги координаторлар сайланди.

Энг муҳими, мазкур форум чет элдаги ўзбекистонлик фаол ёшларни ҳам қамраб олмоқда. Ҳафталик доирасида жами 6 та хорижий давлатда бир қатор тадбир ва лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, форумнинг дастлабки кунида Жанубий Корея, Туркия ва Буюк Британия мамлакатларида таҳсил олаётган ёки фаолият юритаётган ватандош-ёшларимиз учун учрашувлар ташкил етилди.

Сеул шаҳридаги тадбирда бўлажак магистр ва докторлар технология соҳасидаги ўз илмий ишларини тақдимот қилишган бўлса, Истанбулдаги форумда “Turkiya yoshlar anjumani” o‘tkazilib, yoshlarning “Uchinchi renessans”, “New Media” каби йўналишлардаги ғоялари ўрганилди. Лондон шаҳрида эса “Ўзбекистон ёшлари форуми – Буюк Британия” конференцияси бўлиб, унда турли мавзудаги музокаралар, давра суҳбатлари, мотивацион учрашувлар, “Заковат” интеллектуал ўйини, викториналар ва бошқа тадбирлар ўтказилди.

Куннинг сўнгги қисмида форумнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ёшлар ишлари агентлиги директори Aлишер Саъдуллаев сўзга чиқиб, Yoshlarforumi.uz платформаси орқали юборилган жами 8 мингга яқин таклифдан саралаб олинган энг илғор 200 та ташаббус муаллифига ўз ғояларини амалга оширилиши учун молиявий кўмак берилишини алоҳида таъкидлаб ўтди ва барча ёшларга омад тилади.

19 декабрь куни Ёшлар ижод саройида “Ўзбекистон ёшлари форуми — 2021” форуми доирасида “Design Club Uzbekistan”, Marketing.uz, “YouTube O‘zbekiston” каби лойиҳалар бўлиб ўтди. Унда соҳа мутахассислари ўзларининг тажрибаларини ёшлар билан бўлишдилар.

Шунингдек, 19 декабрь куни Тошкент шаҳридаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида замонавий ҳарбий техника, қурол-аслаҳалар, робототехника намуналари ва ҳар хил турдаги ўқув парашютлари жамланмасининг намойиши бўлиб ўтди.

Форум медиа штабининг маълум қилишича, ҳафта давомида форум доирасида ёшлар учун кўплаб махсус лойиҳа ва тадбирлар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Тадбирлар дастури билан Telegram канали орқали маълумотлар бериб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ёшлар ишлари агентлиги директори Aлишер Саъдуллаев аввалроқ форум якунлари бўйича ҳукумат қарори қабул қилиниши кутилаётганини билдирган.

“Ўзбекистон ёшлари форуми” медиа штаби


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

48

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг