Ўзбекистон ва Россия ўртасида савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказишга келишиб олинди
Жамият
−
27 Май
6423Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин музокараларни расмий делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Музокараларда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги юксак даражаси ва ўзига хослиги, давлатлараро ҳамкорликнинг барча соҳа ва йўналишларини қамраб олганлиги мамнуният билан таъкидланди.
"Сизнинг давлат ташрифингизни ҳақли равишда тарихий деб аташ мумкин. Бу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларида янги босқични бошлаб бермоқда", деди Шавкат Мирзиёев.
Ўз навбатида, Путин Россия ва Ўзбекистон орасида тенглик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида яқин, дўстона муносабатлар юксалиб, жадал ривожланаётганини айтди.
"Шавкат Миромонович билан келишилганимиздек, Президент лавозимига киришганидан кейин, ҳукумат қайта сайланиб, тузилганидан сўнг биринчи ташрифлардан бири бўлиб, Тошкентга, Ўзбекистонга келдик. Бу ҳам бежиз эмас, биринчи навбатда, Ўзбекистон бизнинг стратегик ҳамкоримиз, ишончли иттифоқчимиз. Биз сиз билан доимий мулоқотдамиз, муҳтарам Шавкат Миромонович, икки томонлама муносабатларнинг барча долзарб масалаларини доимий равишда шахсий назоратда ушлаб турамиз ва бундан кейин ҳам шундай бўлишига ишонаман", деган Путин.
Музокаралар давомида томонлар парламентлар, ҳукуматлар, вазирликлар, идоралар, ҳудудлар, жамоатчилик, экспертлар ва ишбилармон доиралар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олди.
Бу мақсадда Бош вазирлар даражасидаги Қўшма комиссия ва Ҳукуматлараро комиссиянинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилади, уларнинг навбатдаги йиғилишлари шу йил охиригача ўтказилади.
Шунингдек, мунтазам сиёсий маслаҳатлашувларни, БМТ, МДҲ, ШҲТ каби халқаро ва минтақавий тузилмалар ҳамда бошқа кўп томонлама платформалар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Қайд этилишича, ўзаро савдо айланмасининг барқарор суръати мамнуният билан таъкидланди. Сўнгги 7 йилда у 2,5 баробар ошди. Томонлар янги мақсадли кўрсаткичга - яқин истиқболда савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказишга келишиб олди.
Ушбу вазифани амалга оширишга кўмаклашиш учун Россияда Ўзбекистоннинг тўлақонли савдо ваколатхонаси ташкил этилади.
Бугунги саммитга энергетика, металлургия, нефть-кимё, машинасозлик, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика, фармацевтика, сунъий интеллект ва бошқа кўплаб йўналишларда 20 миллиард доллардан ортиқ қийматда янги саноат кооперацияси лойиҳалари тайёрланди.
Бу каби лойиҳаларни илгари суриш учун қўшма Инвестиция платформаси ишга туширилади.
Энергетика соҳасида газ ташиш тизимини модернизация қилиш, газ, нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш, углеводородларни қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, ташриф доирасида Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланади.
Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам жадал ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Ўтган ҳафта Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари раҳбарлари ташриф билан Россияда бўлди. Бугун давлат раҳбарлари раислигида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтади.
Озиқ-овқат хавфсизлиги, инновациялар, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, миграция каби қатор муҳим йўналишлар ҳам кўриб чиқилди.
Маданият ва санъат, фан, соғлиқни сақлаш, туризм, ёшлар ва спорт соҳаларида фаол алмашинувлар давом эттирилади.
Томонлар Ўзбекистонда Бауман номидаги Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалларини очиш бўйича келишувлар эришилганини олқишлади.
Учрашув чоғида делегация аъзоларининг қисқа ҳисоботлари, турли соҳаларда амалий ҳамкорлик бўйича аниқ таклифлари тингланди.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари ҳар бир йўналиш бўйича амалга ошириш механизмлари назарда тутилган “йўл хариталари”ни қабул қилишга топшириқ берди.
LiveБарчаси