“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог” унвони таъсис этилади
Жамият
−
20 Ноябрь 2020
2794Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама марказида бўлди.
“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог” фахрий унвонининг таъсис этилиши мамлакат иқтисодиёти қудратини оширишга ҳар томонлама эътибор қаратилаётгани билан изоҳланди.
Ушбу фахрий унвон билан, жумладан, соҳада чуқур билимга эга кадрлар тайёрлашдаги муносиб хизматлари учун геология, геофизика, гидрогеология, топография-геодезия, ер ости бойликлари геологияси ва қидируви тармоғининг геологлари ва муҳандис-техник ходимлари ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали мутахассислари мукофотланади.
Мазкур Қонун қабул қилиниши муносабати билан “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар ҳам киритилаётгани маълум қилинди. Ушбу Қонун Сенат аъзолари томонидан маъқулланди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда қурилиш материаллари бўйича 867 та, ер ости сувларининг 649 та, углеводородлар (нефть, газ, конденсат)нинг 244 та, қимматбаҳо металлар (олтин, кумуш)нинг 97 та, рангли ва нодир металларнинг 12 та, радиоактив металларнинг 38 та, кон хомашёларининг 37 та, кон-кимёнинг 32 та, қимматбаҳо тошларнинг 30 та, кўмир ва нефть сланецининг 7 та, қора металларнинг 5 та ресурси қайд этилган.
Таъкидланишича, баъзи фойдали қазилмалар (олтин, уран, мис ва бошқалар) захиралари бўйича Ўзбекистон дунёнинг етакчи давлатлари қаторига киради. Нуфузли халқаро консалтинг компанияларидан бири — BCG ҳисоб-китобларига кўра, кейинги ўн йил ичида мамлакатнинг инвестициявий салоҳияти 65 миллиард АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда.
Умиджон Нозимжонов
LiveБарчаси