Ўзбекистон Мусулмонлари идораси “Лайлатул Қадр”ни ўтказишга доир тавсиялар берди
Фойдали
−
19 Май 2020
14822Рамазон ойининг улуғ кечаси бўлмиш “Лайлатул Қадр” кечасини уйда, ибодат ила кутиб олган афзал. Бу борада Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Фатво ҳайъати тавсия берди. “Ўрни келганда шуни тавсия сифатида айтамизки, Қадр кечасини ҳар ким ўз уйида ўтказгани суннатга мувофиқ бўлади. Чунки бирорта ҳадисда бу кечада тўпланиш, зиёфат қилишга тарғиб йўқ”, дейилади Фатво ҳайъати берган маълумотда.
Айтилишича, Пайғамбар алайҳиссалом ушбу кечани ибодат билан ўтказишга тарғиб қилар эдилар. Лекин бу кечада ўқиладиган махсус намозни белгилаб бермаганлар, одатдагидек таровиҳ ва таҳажжуд намозлари ўқилади.
Ҳадиси шарифлардан бирида Набий алайҳиссалом шундай деганлар:
“Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).
“Демак, ушбу фазилатли кечани кўпроқ ибодат, намоз, зикр, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, тазарруъ дуолар билан ўтказишимиз керак. Инсон ўзининг ота-онаси ва яқинларининг ҳаққига офият ва саодат, юрт тинчлиги ва турли балоларни даф бўлишини сўраб, дуо қилиши айни муддаодир”, дейилади Фатво ҳайъати маълумотида.
Мужтаҳид уламолар ва улардан кейинги олимларнинг сўзларида ҳам Қадр кечаси учун жамланишни фазилатли амал эканини топа олмаймиз. Аслида тунги ибодат ва зикрлар ёлғиз ҳолда, одамларнинг кўз ўнгидан йироқда, риё ва сумъадан холи тарзда адо этилиши билан фазилатлидир.
“Ҳозирги карантин қоидалари давом этиб турган вақтда бир жойга жамоат бўлиб йиғилиш ўз жонини таҳликага қўйишдир. Шунинг учун ҳар биримиз уйимизда қолиб, оила даврасида ибодат қилайлик ва Қадр кечасини имкон қадар файзли ўтказайлик”, дейилади тавсияда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь