Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинлари янги техника ва қурол-аслаҳалар билан таъминланди

Жамият

image

Жорий йилнинг 19 март куни Чирчиқ дала ўқув майдонида Мудофаа вазирлиги қўшинларини 2018—2021 йилларда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан таъминлаш, уларни таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ янги ҳарбий техникалар қўшинларга фойдаланиш учун топширилди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон мудофаа вазирининг қурол-аслаҳа ва қуроллантириш бўйича ўринбосари полковник Ойбек Исмоилов, Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги вакиллари ҳамда ҳарбий техникаларни қабул қилган ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Жами икки юзга яқин ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа намуналари кейинги фойдаланиш учун тантанали равишда қўшинларга топширилди. Улар орасида юк, озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, ҳарбий хизматчиларга тез тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган ҳарбий транспорт техникалари мавжуд эди.

“Президентимиз томонидан тасдиқланган режага асосан, Қуролли Кучларимиз қўшинларининг қудрати ва салоҳиятини ошириш, қолаверса ҳарбийларимиз кўникмасини янада мустаҳкамлаш мақсадида қўшинларни янги, замонавий, бугунги кун талабларига жавоб берадиган қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш ишлари жадал давом этмоқда. Бугун сизларга топширилаётган ҳарбий техникалар қилаётган ишларимизнинг бир қисми, дебочаси ҳисобланади. Ҳали бундан-да замонавий зирҳли техникалар, ўқ-дорилар ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари билан таъминлашни режа қилганмиз. Ҳарбий хизматчиларимиз ушбу техникалардан оқилона ва самарали фойдаланиш билан бир каторда уларни доимо жанговар шай ҳолда сақлашига умид билдираман”, дейди мудофаа вазири ўринбосари Ойбек Исмоилов.

Эътиборлиси, ушбу ихтисослашган ҳарбий транспорт техникаларнинг аксар қисми Мудофаа вазирлиги буюртмасига асосан махсус Ўзбекистонда йиғилган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринасида қўшинларни замонавий қурол-аслаҳалар ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш ҳамда мустақил мудофаа-саноат мажмуасини яратиш кўзда тутилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Mudofaa vazirligi

Баҳолаганлар

38

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар