Ўзбекистон макроиқтисодий ривожланишининг сценарийлари ишлаб чиқилди
Жамият
−
03 Ноябрь 2021
2782Марказий банк Бошқарувининг 2021 йил 21 октябрдаги йиғилишида “Пул-кредит сиёсатининг 2022 йил ва 2023-2024 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари”нинг дастлабки концептуал лойиҳаси маъқулланди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати хабар берди.
Пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларида Марказий банкнинг ўрта муддатли макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари ва келгуси йилларда пул-кредит соҳасида амалга ошириладиган ишлар, ташқи ва ички иқтисодий шароитлар ўзгарган ҳолатларда Марказий банк томонидан кўриладиган чоралар ва пул-кредит сиёсатини юритишдаги ёндашувлар акс эттирилган.
Таъкидланишича, ташқи ва ички иқтисодий шароитларнинг келгусидаги ўзгариши бўйича ноаниқликлар ҳали ҳам юқори даражада сақланиб қолмоқда. Шу боис ўрта муддатли макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари ташқи ва ички омилларнинг таъсири кўлами ва давомийлигини инобатга олиб асосий ва муқобил сценарийлари ишлаб чиқилди.
Макроиқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийсида ташқи ва ички иқтисодий шароитларнинг босқичма-босқич яхшиланиб бориши кутилаётган бўлиб, кескин ташқи хатарлар юзага келиши кўзда тутилмайди. Пандемия билан боғлиқ вазият нормаллашиб, инсон ресурслари миграцияси ва трансчегаравий ҳаракатлар бўйича узоқ муддатли чекловлар жорий этилмайди.
Мазкур сценарийга кўра, иқтисодий фаоллик юқори суръатларда жадаллашиб бориб, инвестицион ва истеъмол талаби пандемиягача бўлган даражага тўлиқ тикланади.
Ушбу сценарий доирасидаги ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми ўзининг потенциал даражасига кўтарилиб, реал иқтисодий ўсиш суръатлари 5,5-6,5 фоизни ташкил этади ва 2023-2024 йилларда 6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Асосий сценарий доирасида иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашнинг муҳим драйвери сифатида хусусий ички ва ташқи инвестициялар ҳамда иқтисодиёт тармоқларида амалга ошириладиган таркибий ислоҳотлар қаралмоқда.
Келгуси йилларда мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш вазифаси 2022 йилдан босқичма-босқич фискал консолидация бошланишини тақозо қилади ва фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбати 2023-2024 йилларда 2,0-3,0 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.
Юқорида келтирилган омиллар ва тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш даражасидан келиб чиқиб инфляция суръатларининг 2022 йилда 8-9 фоизга ташкил этиши, 2023-2024 йилларда эса 5 фоизгача пасайиши кутилмоқда.
Макроиқтисодий ривожланишнинг муқобил сценарийси шартлари сифатида жаҳонда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг кескинлигича қолиши сабабли ташқи шароитларнинг ноқулай шаклланиши ва иқтисодий фаолликни пасайиши каби эҳтимоллар асос қилиб олинган.
Ушбу сценарий бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажмининг реал ўсиши 2022 йилда 3-4 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Вазиятнинг нормал фазага ўтиши билан 2023 йилдан иқтисодий фаоллик ва ялпи талабнинг тикланиши кузатилиб, 2023 йилда 4,8-5,8 фоизни ва 2024 йилда 5,5-6,5 фоизни ташкил этиши тахмин қилинмоқда.
Бунда, ички иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш учун 2022 йилда ҳам фискал рағбатлантиришлар давом эттирилади ва умумий фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбати 4-5 фоиз атрофида бўлишини тақозо этиши мумкин. Фискал консолидация 2023 йилдан бошланиб, фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбати 2023 йилда 3-4 фоизгача, 2024 йилда эса 2,0-2,5 фоизгача пасайиши баҳоланмоқда.
Макроиқтисодий ривожланиш шартлари муқобил сценарий бўйича шаклланган ҳолатда тартибга солинадиган нархларнинг эркинлаштирилиши келгуси даврларга кечиктирилади. Натижада, ушбу сценарий шартлари рўй берган шароитда умумий инфляция даражаси 2022 йилда 7,5-8,5 фоизни ташкил этиши ва 2023 йилда эса 5,6-6,6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Юқорида келтирилган сценарийларнинг ҳар бирида пул-кредит сиёсатининг асосий мақсади иқтисодиётда нархлар ва молиявий барқарорликни таъминлаш ҳамда инфляциянинг таргет кўрсаткичига эришишга қаратилади. Бунда, сценарийларда келтирилган вазиятларнинг шаклланишига қараб пул-кредит шароитларининг қатъийлик даражаси белгилаб борилади.
Асосий сценарийда пул-кредит сиёсатини нисбатан қатъий шароитлари сақлаб қолинса, муқобил сценарийда эса пул-кредит шароитларини бироз юмшатиш ҳамда нархлар барқарорлиги ва иқтисодий фаолликни рағбатлантириш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш бўйича чоралар кўрилиши мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь