Ўзбекистон киноиндустрияси янги тизимга ўтади

Жамият 883
image

2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда rebate тизими йўлга қўйилади, биринчи марта LocationEXPOuz маҳаллий кинолокациялар кўргазмаси бўлиб ўтади. 

Ҳар йили халқаро кинотадбирларда Ўзбекистоннинг миллий павильони ташкил этилади. Шунингдек, хорижий кинокомпанияларга ташкилий ҳамда техник жиҳатдан кўмак берилади ва бу, шубҳасиз, маҳаллий кинотуризмни ривожлантиришда катта самара кўрсатади. 

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2020 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон ҳудудида аудиовизуал маҳсулот яратувчи хорижий кинокомпаниялар муайян шартларни бажарган тақдирда, харажатларнинг бир қисми, фильм съёмкасига сарфланган маблағнинг 20 фоизгача бўлган миқдорда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Rebate - съёмкалар ўтаётган мамлакат ҳудудларининг ҳукумати томонидан кино ишлаб чиқаришга кетган харажатларни қоплаш. Бу продюсерларга муайян шартларни бажарган тақдирда, фильм съёмкасига сарфланган малблағнинг бир қисмини қайтариш имконини беради. 

Шунингдек, Ўзбекистонда биринчи марта маҳаллий кинолокацияларнинг LocationEXPOuz кўргазмаси ташкил қилиниб, уни ҳар йили PROlogue халқаро кинофестивали доирасида ўтказиш йўлга қўйилади. LocationEXPOuz – бу бутун дунёнинг етакчи кинопродюсерлари, кинокомпаниялари ва локейшн менежерларини съёмкалар учун бизнинг маҳаллий кинолокацияларимиз, ишлаб чиқариш техник шароитларимиз билан таништирувчи «шоурил», бундан мақсад хорижий кино ишлаб чиқарувчиларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жалб қилишдан иборатдир. 

Ҳужжатга мувофиқ, халқаро кинотадбирларда Ўзбекистон Миллий павильонининг ташкил этилиши, LocationEXPOuz кўргазмасининг ўтказилиши ҳамда хорижий кинокомпанияларга беминнат ташкилий ва ишлаб чиқариш-техник ёрдам кўрсатиш Ўзбекистон Миллий кинокомиссияси томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкилотига ҳар йили юқорида қайд этилган вазифаларни амалга оширишда маблағ ажратиш вазифаси юклатилган. Шу билан бирга, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан Ўзбекистоннинг тарихий ва афсонавий шахслари ҳақида қисқа ва тўлиқ метражли бадиий фильмлар, ҳужжатли-хроникал фильмлар семкаси учун лойиҳа қийматининг 30 фоизи миқдорида, лекин 3 млрд сўмдан ошмаган ҳолда грантлар ажратилади. Ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасининг таҳлили шуни кўрсатадики, кинотуризм маълум бир мамлакатда кинофильмлар тасвирга олишда жаҳоннинг машҳур кинокомпанияларини рағбатлантириб, туристик оқимни ошириш, инвестициялар жалб қилиш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини мустаҳкамлаш мақсадидаги кучли маркетинг жиҳози сифатида қўлланилади. Global Tourism and Travel Competitive Intelligence Research тадқиқотларига кўра, 2015-2017 йилларда фильмлар шарофати билан бутун дунё бўйлаб 80 миллиондан зиёд киши саёҳат қилган. 2018 йилда киносаёҳат учун асосий манзиллар сифатида БАА, ХХР, АҚШ, Япония, Греция, Грузия каби мамлакатлар қайд этилган. Бугунга келиб, дунёнинг 97 мамлакатида давлат хорижий кинокомпанияларга Rebate тизими бўйича – харажатларнинг 10-35 фоизини қоплаб бериш имконини тақдим этади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 4
Рейтинг: 3.3
t
×
×