Ўзбекистон-Қозоғистон Президентлари ўртасида учрашув ўтказилди

Жамият

image

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. Бугун, 15 апрель куни Кўксаройда икки давлат раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. 

“Қозоғистон Республикаси Президенти сифатида илк давлат ташрифингизни Ўзбекистонга амалга оширганингизни юқори баҳолаймиз. Буни мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга қатъий интилиш ифодаси деб биламиз. Қозоғистон биз учун яқин қўшни, стратегик шерик. Ҳамкорлигимизнинг барча йўналишлари бўйича ижобий динамикага эришилаётганидан мамнунмиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Қозоғистон Президенти Ўзбекистонга таклиф учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, музокаралар самарали ўтишига ишонишини қайд этди.

“Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик сифати ва амалий мазмуни ҳақидаги гапларингизга тўла қўшиламан. Сиз, ҳурматли Шавкат Миромонович, ва Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев давлатлараро муносабатларни юқори босқичга олиб чиқдингиз. Бу суръатни сақлаб қолишни ўзимнинг асосий вазифам деб биламан. Қозоғистонда қардош Ўзбекистон билан алоқаларга талаб жуда катта”,  деди Қосим-Жомарт Тоқаев.

Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо, транспорт, саноат кооперацияси, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Қозоғистон мамлакатимиз ташаббуси билан БМТ шафелигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди фаолиятини қўллаб-қувватлади.  

Минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга кўмаклашиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.  

Мулоқотда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг позициялари мос ёки яқин экани яна бир бор ўз тасдиғини топди. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

3.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг