Ўзбекистон “қонли январь” ортидан ҳибсланган 14 нафар фуқароси бўйича Нур-Султонга нота юборди

Олам

image

Аввалроқ, Қозоғистонда январдаги тартибсизликлар ортидан 14 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу хабар ортидан Ўзбекистондаги Қозоғистон элчихонаси Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига ҳолат ҳақида тўлиқ маълумот беришни сўраб, нота юборди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобулжонов маълум қилди. 

“Шу кунларда қатор оммавий ахборот воситаларида Қозоғистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмани Элвира Азимовага таяниб, Қозоғистонда жорий йилнинг январь ойида юз берган оммавий тартибсизликлардан сўнг 18 нафар хорижлик, жумладан, 14 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсда қолаётгани ҳақида маълумот тарқалди.

Ушбу хабарга ойдинлик киритиш учун Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонаси Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаролари, улар сақланаётган жойлар, жавобгарликка тортилиш сабаблари тўғрисида тўлиқ маълумот бериш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари учун консуллик учрашувини ташкил этишни сўраб тегишли нота юборди.

Ўзбекистон Республикасининг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонаси, шунингдек, Олма-ота ва Ақтау шаҳарларидаги Бош консулхоналари Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг жойлардаги вакиллари билан доимий алоқада бўлиб турибди”, дейилади расмий вакил ахборотида. 

Маълумот учун, Қозоғистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича масъули Эльвира Азимовага кўра, 14 нафар ўзбекистонлик мамлакат тергов ҳибсхоналарида сақланмоқда.

Хорижлик маҳбуслар орасида ўзбекистонликлардан ташқари, икки нафар россиялик ва икки қирғизистонлик ҳам бор.

Қозоғистондаги намойиш

Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.  

5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.

7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади. 

13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

65

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг