Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. Президент таъзия билдирди
Жамият
−
19 Апрель 2020
23312Ахборот технологиялари соҳасидаги йирик олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Жўра Абдуллаев бугун, 18 апрель куни 93 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.
Олимнинг вафоти муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев, Бош вазир Абдулла Арипов, Сенат Раиси Танзила Норбоева, Республика Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ва бошқалар ўз таъзияларини билдирди.
Жўра Абдуллаев 1927 йил 21 февралда Тошкент шаҳрида туғилган.
1953 йилда Ўрта Осиё политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети)ни тугатиб, Россия Фанлар академиясининг Автоматика ва телемеханика институти аспирантурасида таҳсил олган. 1959 йилда номзодлик, 1974 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1989 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги этиб сайланган.
Жўра Абдуллаев ўз меҳнат фаолиятини 1956 йили Ўзбекистон Фанлар академиясининг Энергетика ва автоматика институтининг кичик илмий ходими сифатида бошлади. Ушбу масканда катта илмий ходим, лаборатория мудири лавозимларида самарали меҳнат қилди. Кейинчалик Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири, Тошкент электротехника ва алоқа институти (ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари университети) ректори, Ўзбекистон Фанлар академиясининг президенти вазифасини бажарувчиси, механика ва информатика фанлари бўлими раиси, Информацион технологиялар ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази бош илмий ходими каби масъул вазифаларда самарали хизмат қилди.
Заҳматкаш олимнинг ахборот технологиялари соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган кўплаб мақолалари, китоб ва монографиялари Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар илмий жамоатчилиги ўртасида яхши маълум. Унинг бир қатор илмий ишланмалари Республика иқтисодиёти тармоқларида муваффақиятли қўлланиб келмоқда.
Академик Жўра Абдуллаев “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони, “Меҳнат шуҳрати” ордени ва “Шуҳрат” медали билан мукофотланган.
LiveБарчаси