Ўзбекистон 2020 йилда МДҲга раислик қилади

Жамият 789
image

Аввал хабар берганимиздек,  Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб турибди. Давлат раҳбари Ашхободда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этмоқда. 
МДҲ саммити кенг доирадаги музокаралар билан давом этди. 

Давлат раҳбарлари минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган комплекс масалаларни муҳокама қилиб, томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашдилар. 

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилда МДҲга раислиги қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз раислиги давомида ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва самарадорлигини оширишга устувор эътибор қаратилишини таъкидлади.

Ҳамдўстликни янада ривожлантириш концепцияси ва 2030 йилга қадар даврда иқтисодий ривожлантириш стратегиясини қабул қилишни жадаллаштириш таклиф этилди.

Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, эркин савдо зонаси тўлиқ ишлашини таъминлаш, ишлаб чиқариш кооперациясини чуқурлаштириш ва учинчи мамлакатлар бозорини ўзлаштириш, аграр соҳа, энергетика ва телекоммуникациялар тармоғидаги ҳамкорликни кенгайтириш, илмий, инновацион ва таълим дастурларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Шавкат Мирзиёев ўн йилга мўлжалланган Транспорт ва транзит йўлакларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ва Ҳудудлараро ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.

Келгуси йили Ўзбекистонда биринчи МДҲ ҳудудлараро форуми бўлиб ўтади, шунингдек, МДҲ савдо-саноат палаталари раҳбарлари кенгаши мажлисини ўтказиш, унинг доирасида Ҳамдўстликнинг ишбилармонлик ташаббуслари ҳафталигини ташкил қилиш таклифи билдирилди.

Шунингдек, ахборот хавфсизлиги, маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича ҳам қатор тадбирлар режалаштирилган. Музокаралар якунида ҳужжатлар имзоланди. 2020 йилда МДҲга раислик Ўзбекистон Республикасига ўтиши тўғрисида қарор, Стратегик иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида декларация, Совет халқининг 1941-1945 йиллар Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ҳамдўстлик мамлакатлари халқлари ва халқаро ҳамжамиятга мурожаати, 2020-2022 йилларда терроризм ва экстремизмнинг бошқа зўравонлик кўринишларига қарши курашиш  бўйича ҳамкорлик дастури ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди.

   

Акбаржон Абдураимов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 11
Рейтинг: 3.2
Будьте в курсе событий!
×
×