Ўзбек халқининг машҳур ёзувчиси Шароф Бошбеков вафот этди
Жамият
−
26 Январь 2022
8024Бугун, 26 январь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, таниқли драматург, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шароф Бошбеков 71 ёшида вафот этди.
Шароф Бошбеков 1951 йил 4 январда Самарқанд вилояти Булунғур тумани Ғубир қишлоғида туғилган. 1974 йил Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тамомлаган. Ўқишни тугатгач, Муқимий номидаги давлат мусиқали театри, Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида фаолият кўрсатган. Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси (1983-1985), Ўзбекистон Миллий давлат академик драма театрида (1986-1987) адабий ходим бўлиб хизмат қилган.
Шароф Бошбеков ёзувчилик ижодини 1980 йилда “Тақдир эшиги” номли комедия билан бошлаган. Шундан сўнг адибнинг бирин-кетин ёзилган “Г” варианти” (1981), “Ғурур” (1982), “Жумбоқ” (1986) ҳикоялари, “Тикансиз типратиканлар”, “Мусиқа сайёраси”, “Тентак фаришталар”, “Тушов узган тулпорлар” (1983) драмаси, “Эшик қоққан ким?” (1987), “Эски шаҳар гаврошлари” (1998), “Темир хотин” (1989) каби жиддий комедиялари ўзбек драматургияси хазинасини бойитди.
“Темир хотин” комедияси нафақат Ўзбекистон, балки бошқа мамлакатлар театрларида ҳам саҳнага қўйилган. Мазкур асар аввал Республика миқёсида ўтказилган театр фестивалида бош соврин – “Гран-при”ни қўлга киритган, сўнг Марказий Осиё мамлакатлари орасида ўтказилган театр фестивалининг мутлоқ ғолиби, деб топилган. Ушбу пьеса асосида бадиий фильм, оперетта ишланган. Асар 1989 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Мақсуд Шайхзода номидаги йиллик мукофотига лойиқ топилган.
Шароф Бошбеков сценарийси асосида “Маъруф ва Шариф”, “Юзсиз” (1993), “Тилла бола” (1994) каби фильмлар яратилди. У “Масхарабоз” (1996), “Фарҳод ва Ширин” фильмларида ҳам сценарий муаллифи, ҳам режиссёр сифатида иштирок этди. Унинг сценарийси асосида “Чархпалак” телесериали суратга олинган. Бундан ташқари, “Тентак фаришталар” (1995), “Зўрдан зўр чиқса” (1996) каби саҳна асарлари ҳам республика театрларида муваффақиятли намойиш этилган.
Ҳажвий ҳикоялари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг “Йилнинг энг яхши ҳажвий асари” (1982) мукофотига муносиб кўрилган. “Муштум” журналида эълон қилинган “Буюк мақтанчоқлик”, “Буюк қўрқоқлик”, “Буюк бахтиёрлик” номли публицистик мақолаларига журналнинг “Йилнинг энг яхши публицистик асари” (1992) мукофоти берилган.
Мустақиллик йиллари “Ўйин” (2002), “Дока рўмолнинг қуриши” (2004) телефильм сценарийларини ёзди, “Сўқмоқ” (2003), “Меҳр ва маузер” (2007) киноқиссаларини яратган. “Эшик қоққан ким бўлди?” (1989), “Фалакнинг гардиши” (2009), “Мусофир бўлмагунча” (2009), “Тентак фаришта” (2010), “Чархпалак” (2017), “Танланган асарлар” (“2021”) каби тўпламлари нашр этилган.
Адиб драма ва киноқиссалардан иборат “Танланган асралар” китоби учун 2021 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Йилнинг энг яхши асари” танлови ғолиби бўлди.
Шароф Бошбеков 1996 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, 2001 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси кўп сонли аъзолари ва адабиёт мухлислари номидан адибнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.
LiveБарчаси