Ўзбек автосаноати рақобатга тайёр
Бизнес
−
27 Апрель 2022
24527Миллий автосаноат тобора кўпроқ хорижлик экспертлар диққат марказига тушмоқда. Бунинг сабаблари кўп – UzAuto Motors фаолиятидаги ислоҳотлар, хориж автомобилларини олиб киришда бож тўловларининг қонунчилик даражасида икки баробар пасайтирилиши, ҳам алоҳида эҳтиёт қисмлар, ҳам тўлақонли моделлар ишлаб чиқаришнинг тез суръатларда маҳаллийлаштирилиши ва ҳ.к. Автосаноатга таъсир кўрсатмай қолмаган жаҳондаги геосиёсий вазиятни ҳам ҳисобга олмасликнинг иложи йўқ, хусусан, россиялик истеъмолчига у нисбатан арзонроқ, аммо сифат борасида ҳеч ҳам ортда қолмайдиган, синалган ишлаб чиқарувчиларнинг борлигини эслатди. Бизнинг мақоламиз – бу россиялик экспертлар – жаҳондаги йирик автомобиль бозорларидан бирининг фаол ўйинчиларига тегишли энг қизиқ фикрларни умумлаштиришга бўлган ўзига хос уринишдир. Демак, сўз россиялик экспертларга:
“Автомобиль журналистлари Ўзбекистонга ҳар доим кенг оммага хос бўлмаган тушуниш билан ёндашган. Ҳайдовчиларга Daewoo Matiz ва Nexia, Chevrolet Cobalt ва Orlando каби автомобилларни берган ўзбек автосаноати бизга қотиб қолган қарашлар ҳар доим ҳам ўзини оқламаслигини кўрсатди, мамлакат ва унинг одамларига нисбатан ҳурмат уйғотди. Ҳозир биз Ўзбекистонни ўзимиз учун қайтадан кашф қилдик”, деб ёзади ўзининг Facebook саҳифасида таниқли россиялик автоэксперт ва “Эхо Москвы” радиостанциясида “Гараж” эшиттириши бошловчиси Сергей Асланян.
Ўзбекистонни хотирлар экан, журналист ушбу мамлакат “фақат нони ва меҳмондўстлиги билангина машҳур эмаслигини” ёзади.
“Бу мамлакатда уни дунёга, жумладан, халқаро автобозорга танитиши мумкин бўлган нарсалар кўп”, дейди ишонч билан Асланян.
“UzAuto’нинг яна бир катта ютуғи – бу рақобатга нисбатан ижобий муносабат ва четдан автомобиль олиб кириш божларининг пасайтирилиши буни исботлайди”, дейди узоқ вақт мобайнида АВТОВАЗ тарихини ўрганиш билан шуғулланган тольяттилик таниқли автоэксперт Фёдор Быстров.
“Ҳозир автосаноатда “монополия ўйнаш” жуда қийин, боиси, истеъмолчи ҳар доим танлаш имкониятига эга. Аммо, шу билан бирга, келинг, ўзимизга савол бериб кўрайлик: ўша биз билган 90-йиллар ўрталарида инвесторларга маълум имтиёзлар берилмаганда, ким ҳам Ўзбекистонда энг замонавий рақобатбардош ишлаб чиқаришни яратишга ҳисса қўшарди? Дарвоқе, дастлабки инвесторни бу ҳам хонавайрон бўлишдан сақлаб қолмади. Кейин ўйлаб топилган ечим – GM билан стратегик альянс тузиш ва давлат томонидан акцияларнинг сотиб олинишини келажакда бизнес-мактаблар талабаларига реал сектор корхонасининг давлат томонидан қўллаб-қувватланишига энг ёрқин мисоллардан бири сифатида сўзлаб бериш мумкин”.
Билишимча, Ўзбекистонда аллақачон Hyundai-Kia, Volkswagen, Scoda, ва бизнинг жонажон Lada ҳам тақдим этилган, — хотирлайди Фёдор. — Уларнинг барчаси UzAuto Motors билан бир хил шароитга эга. Бундан ташқари, Hyundai ва Lada ҳаттоки ўз ишлаб чиқаришини очишни режалаштираётгани ҳақида маълумотлар ҳам бор эди. Аммо бу режалар амалга оширилаётгани ҳақида маълумотга эга эмасмиз.
“Стратегик фикрлайдиган давлат ўз ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлашдан манфаатдор, чунки у объектив равишда мамлакат ва унинг фуқаролари фаровонлиги фойдасига ишлайди”, дея ҳамкасбининг фикрини қўллаб-қувватлайди Павел Блюдёнов — таниқли россиялик журналист, автоэксперт ва яқин вақтгача “Россия 24” телеканалида “АвтоВести” кўрсатуви бошловчиси. Эксперт Ўзбекистон собиқ совет республикалари орасида ўзига автомобилсозлар эътиборини жалб қилаётган ягона мамлакат эканлигини алоҳида таъкидлайди.
Бу табиий, Марказий Осиё минтақасида фақат бизда автомобилларни тўлиқ циклда – кузовларни штамповка қилиш, пайвандлаш ва бўяшни ичига олган ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 2019 йилдан бошлаб UzAuto Motors МДҲ ҳудудида энг йирик автосаноат инвестицион лойиҳаларидан бирини амалга ошириб келади: корхонада General Motors концерни томонидан ишлаб чиқилган энг янги GM GEM платформасида 190 000 та автомобиль ишлаб чиқариш қувватлари яратилмоқда. Сармоя суммаси — 427,7 млн долларни ташкил этади. 2022 йил лойиҳаси бўйича иккита янги модел – ихчам кроссовер Chevrolet Tracker ва унчалик қиммат бўлмаган Chevrolet Onix’ни тўлиқ циклда – кузовлар штамповкаси, пайвандлаш ва бўяшни ичига олган серияли ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Бундай шароитда UzAuto Motors компанияси хориж автомобиллари билан рақобатдан нега қўрқмаслиги равшанлашади. Жавоб оддий: миллий авто ишлаб чиқарувчи хориж автомобилларига тақиқ қўйиш эмас, ўз рақобатбардошлигини оширишга кўпроқ эътибор қаратади.
“UzAuto гуруҳи корхоналарида фақат тўғридан-тўғри банд бўлганлар сони 27 минг кишидан ошиқ – бу мамлакатнинг энг йирик иш берувчиларидан бири”, дея қўшимча қилади Виталий Архиреев", “Автоброкер Клуб” онлайн-журнали бош муҳаррири. Унинг фикрича, давлат миллий авто ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаши табиий, ахир одамлар ҳаётининг фаровонлиги у билан боғлиқ..
Маҳаллийлаштириш даражасининг оширилиши корхона иш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатади, ишлаб чиқариладиган автомобиллар сони ортади. Бу ўз навбатида Ўзбекистон иқтисодиётини олға силжитади – иш ўринлари сони кўпаяди, солиқ ҳисоблари ошади, йўл ва хизмат кўрсатиш инфраструктураси яхши томонга ўзгаради, дея хулосалайди Россия автомобил бозори професионаллари.
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь