UzAuto Motors'да янги рекорд кўрсаткич қайд этилди
Бизнес
−
19 Ноябрь 2022
33690UzAuto Motors МДҲ давлатлари орасида энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи компания бўлиб, минтақада ўз лидерлик статусини тасдиқлади. Бугун автозавод конвейеридан 280 мингинчи автомобил чиқди. Шундай қилиб, заводнинг 2020 йилдаги тарихий йиллик рекордига эришилди. Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида UzAuto Motors линиядан 160 минг дона автомобил ишлаб чиқариб, аллақачон ишлаб чиқариш рекордини янгилаган эди.
Навбатдаги эришилган рекорд UzAuto Motors заводининг ишлаб чиқариш майдонида тантанали равишда нишонланди. Унда компаниянинг бутун жамоаси иштирок этди.
“Ўзавтосаноат” AЖ бошқарув раиси Шавкат Умурзаков йиғилган ишчи ва ходимлар олдидаги чиқишида бутун жамоа олдига қўйилган мақсадга эришишда ҳар бир ходимнинг қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, жорий йилда компания нафақат автомобилни рекорд даража ишлаб чиқарди, балки General Motors билан 2023 йилда автомобил ишлаб чиқариш қувватини 500 минг донага, узоқ муддатли истиқболда 1 миллион донагача ошириш бўйича келишувга эришганини таъкидлаб ўтди.
Шавкат Умурзаков, шунингдек, Chevrolet Tracker автомобили ишлаб чиқарилишини муваффақиятли йўлга қўйишда барча ходимларнинг ҳиссаси борлигини, бунинг натижасида глобал инқироз даврида рекорд натижаларга эришилганини ҳам таъкидлади. Компания ўз заводларида янги GM GEM платформасида автомобиллар ишлаб чиқаришга 620 миллион доллар сармоя киритди, бунинг асосида 2023 йил бошида Chevrolet Onix ҳам ишлаб чиқарилади.
Рекордлардан ташқари, жорий йилда UzAuto Motors ишлаб чиқарилган автомобиллар сонининг юбилей натижасини қайд этди – 5 ноябр куни завод конвейеридан тўрт миллионинчи автомобил чиқди.
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь