УЕФАнинг “ажали”: Европанинг гигант клублари янги турнир ташкил қилди
Спорт
−
19 Апрель 2021
12790Европанинг TOP-15 футбол клуби янги чемпионат – Европа Суперлигаси ташкил қилинганини эълон қилди. “Манчестер Юнайтед”, “Манчестер Сити”, “Тоттенхэм”, “Ливерпуль”, “Челси” , “Арсенал”, “Барселона”, “Атлетико” , “Реал”, “Милан”, “Интер” ва “Ювентус” клублари янги турнирнинг асосчи жамоалари қаторига кирди.
“Европанинг ўн икки етакчи жамоаси янги турнир – Европа Суперлигасини яратиш ҳақида бир қарорга келди. Ўйинлар ҳафтанинг ўртасида ўтказилади. Шу боис, бу ички чемпионат ўйинларига халақит қилмайди. Биринчи мавсум олдидан яна уч жамоа асосчи клублар сафига қўшилади. Чемпионат яқин вақтлар ичида старт олади”, дейилган расмий баёнотда.
Суперлиганинг раҳбари вазифасини “Реал Мадрид” президенти Флорентино Перес бажариши, вице-президентлар эса Андреа Аньелли (Ювентус) ва Жоэл Глейзер (Манчестер Юнайтед) бўлиши келишиб олинди.
УЕФА бу турнирга қатъий қаршилик қилаётгани сир эмас. Сабаби янги мусобақа амалдаги Европа Чемпионлар лигаси турнири учун жуда катта зарба бўлади. Ташкилот Суперлига иштирокчиларини жиддий санкциялар ва суд ишлари билан огоҳлантириб келмоқда. Жумладан, Суперлигада ўйнайдиган клуб ўз миллий биринчилигида ўйнай олмайди. Ҳатто бу клублар футболчилари терма жамоалар ўртасидаги мусобақалардан ҳам четлатилиши айтилмоқда. Суперлиганинг бошида турганлар эса УЕФАдан иложи борича манфаатли таклиф бўлмагунча чекинмоқчи эмас.
Ушбу воқеалар фонида ЕЧЛ ва ЕЛнинг ярим финал баҳслари номаълум муддатга қолдирилди. Унга кўра, Суперлига иштирокчилари Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва умуман УЕФАдан четлатилиши кутилмоқда. Агар бу содир бўлса, ПСЖ ЕЧЛда муддатидан олдин чемпионга айланиши ҳам мумкин. Сабаби, Париж жамоаси янги чемпионатга қўшилмаслиги тахмин қилинмоқда. Бунинг боиси, ПСЖ президенти Носир Ал-Ҳелайфи УЕФА ташкилотининг президент маслаҳатчилари рўйхатида туради. Устига устак, у “Bein Media” раҳбари ҳам ҳисобланади. Бу телекомпания эса Чемпионлар лигаси трансляцияси ҳуқуқини сотиб олиш учун миллионлаб пул сарфлаган.
Бокирхон Қосимхонов
LiveБарчаси