Уй-жой солиғини уч карра ундириш тўхтатилади 

Жамият 9667
image

Ҳозирда қонунчиликка мувофиқ ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланиб келаётган фуқаролардан белгиланган солиқ ставкаларининг уч баравари миқдорида ундириш белгиланган.

Аҳолига қулайлик яратиш ва фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида” қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қуйилди. Лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган.

Унга кўра, 2020 йил 1 январдан 2023 йил 1 июнгача бўлган даврда жисмоний шахслардан, яъни ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланиб келаётган фуқаролардан солиқ ставкаларининг уч баравари миқдоридаги солиқларни (Солиқ кодексининг 437-моддаси тўққизинчи қисми) ундирмаслик назарда тутилмоқда.

Қайд этиш керакки, 2020 йил 1 январдан бугунги кунга қадар фуқаролар томонидан солиқ ставкаларининг уч баравари миқдоридаги солиқларни тўлаб келаётган бўлсалар, кейинчалик тўланган солиқ суммалари Солиқ кодексига мувофиқ қайта ҳисоб-китоб қилиниши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёки мавжуд ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланиб келаётган фуқаролардан солиқ ундируви эндиликда Солиқ кодексининг 437-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган умумий тартибда амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 397
Рейтинг: 3.1
t
×