Ўтган қиш иқлимий меъёрдан бир неча даража юқори бўлгани айтилди
Бу қизиқ
−
06 Март
5443Ўтган қиш иқлимий меъёрдан 1,5-2,6 даража юқори бўлди. Бу ҳақда Ўзгидромет маълум қилди.
Қайд этилишича, 2023-2024 йиллар қишидаги энг совуқ ҳарорат декабрда кузатилган. Январь ойи метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ январь ойлари учлигига кирди. Февралдаги ҳарорат тартиби ўртача кўп йиллик қийматларга мос бўлди.
Қиш мавсуми илиқ бўлиб, ўртача мавсумий ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан 1,5-2,6 даражага юқори бўлган. Январь ойи ўтган қишнинг манфий аномалиясига асосий ҳисса қўшган. 2024 йилнинг январь ойи метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ январь ойлари учлигига кирди. Январь ойида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан 3-4 даражага, шимолда 1-2 даражага кўп бўлган.
Декабрь ҳам илиқ бўлган. Иккинчи ўн кунликда сезиларли совуқ тўлқинларига қарамай, декабрда ўртача ойлик ҳарорат меъёрий қийматлардан 1,5-2 даражага, жанубда 2,5-3 даражага юқори бўлди. Ҳудуднинг катта қисмида ўтган қиш учун энг паст ҳаво ҳарорати 2023 йил декабрь ойида кузатилди. Тошкентда декабрь ойининг минимал ҳарорати 15,9 даража совуқ қайд этилди, бу сўнгги 30 йил ичида энг паст ҳарорат бўлди.
Февраль ойида ўртача ойлик ҳарорат республика ҳудудининг катта қисмида ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлган. Ўзбекистон шимолида февраль ойи иқлимий меъёрдан 1,5-2 даражага илиқроқ бўлди. Ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам, баъзи жойларда меъёрга яқин, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва Қизилқум шимолида меъёрга нисбатан (30 фоиздан) кам бўлган.
Ойнинг илиқ даврида (5 февралдан 15 февралгача) ёғингарчилик кам бўлиб, текислик ҳудудларда эса фақат жадаллиги бироз бўлган ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик кузатилди.
Ойнинг боши ва иккинчи ярмида асосан жадаллиги кучлироқ бўлган қор кўринишидаги ёғингарчилик тез-тез кузатилди. Ушбу даврда республиканинг текислик ҳудудларида қор қоплами шаклланди. Қор қопламли кунлар сонига кўра, февраль ойи ўтган қишда энг қорли бўлган.
LiveБарчаси