Ўринсиз ва асоссиз хавотирлар – БП адвокатнинг прокурор санкцияси билан “тингланиши”га муносабат билдирди

Жамият

image

Кеча, 24 март куни ўтказилган Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонун билан бир неча қонун хужжатларига, хусусан “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунларга ва Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш назарда тутилди

Мазкур ўзгариш юзасидан Адлия вазирлиги ҳам ўз тушунтиришини бериб ўтди

Қонун лойиҳасида прокурорнинг розилиги билан адвокатнинг телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувлари, узатиладиган хабарлари ва маълумотларини назорат қилиниши белгиланган ва бу жамоатчилик томонидан кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. 

Шунингдек, юқоридаги қонун лойиҳасига Адвокатлар палатаси Раиси ўз эътирозини билдиргани ва маъқуллаш учун имзо чекмаганини айтиб ўтди.  

Шундан сўнг, масала юзасидан бевосита ваколатли ташкилот Бош прокуратура ҳам муносабатини билдириб, хавотирга ўрин йўқ эканини айтмоқда. Баёнотда шундай дейилади:

“Айрим ижтимоий тармоқларда Олий Мажлис Сенати томонидан жорий йилнинг 24 мартида маъқулланган Қонунга асосан “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига  киритилган ўзгартириш муносабати билан билдирилаётган хавотирлар, талқинлар ўринсиз ва асоссиздир.

Хусусан, шу пайтга қадар ҳам 1998 йилда қабул қилинган “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ адвокатнинг телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, унинг почта-телеграф жўнатмаларини кўздан кечириш каби тезкор-қидирув тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг санкцияси билан амалга оширилиб келинмоқда.

Сенат маъқуллаган Қонунга асосан киритилган ўзгартиришлар эса, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасини “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқлаштирмоқда, холос.

Яъни, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига кўра, тезкор-қидирув тадбирларининг турларига телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитишдан ташқари, почта, курьерлик жўнатмаларини, телеграф хабарларини ва бошқа хабарларни назорат қилиш ҳам киради.

Ўз навбатида, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш учун асослар қонунда белгиланган. Жиноятларни тайёрлаш, содир этиш аломатлари тўғрисида, шунингдек жиноятларни тайёрлашга ёки содир этишга дахлдор шахслар ҳақида аён бўлиб қолган маълумотлар шулар жумласидандир.

Мазкур маълумотлардан бирининг аниқлангани эса, шахснинг ҳуқуқий мақомидан қатъий назар, унга нисбатан тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш учун асос бўлади. 

Шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартишлар адвокатларнинг дахлсизлигига бирон-бир жиҳатдан таҳдид қилмайди, уларнинг қонуний фаолиятига ҳеч қандай  тўсқинликни вужудга келтирмайди”.

Айни пайтда, Бош прокуратура манфаатдор идора сифатида адвокатларнинг мақомини кучайтириш, уларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, суд процессларида адвокат ва прокурор тенглигини амалда таъминлаш бўйича сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга ўз ҳиссасини қўшиб бораверади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

43

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг