UNESCO “Шаҳрисабз тарихий маркази”ни тиклаш учун қўшимча муддат берди
Маданият-санъат
−
04 Август 2021
6275UNESCO “Шаҳрисабз тарихий маркази” объектини тиклаш бўйича вазифалар ижроси муддатини яна бир йилга узайтирди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 16-31 июль кунлари Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Aзиз Aбдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси UNESCO Жаҳон мероси қўмитаси (ЖМҚ)нинг кенгайтирилган 44-сессияси ишида онлайн иштирок этди. Тадбир Хитойнинг Фучжоу шаҳрида “гибрид” режимида бўлиб ўтди.
Делегация томонидан бутунжаҳон маданий мероси объектлари ҳисобланган “Шаҳрисабзнинг тарихий маркази”, “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси”, “Бухоронинг тарихий маркази” ва Хивадаги “Ичан-қалъа”, шунингдек Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иштирокидаги кўпмиллатли табиий мерос объекти бўлмиш “Ғарбий Тянь-Шань” бўйича Ўзбекистон учун ижобий қарорлар қабул қилиниши таъминланди.
Сессия доирасидаги барча қарорлар Жаҳон мероси қўмитасига аъзо давлатларнинг Ўзбекистон позициясини тўлиқ қўллаб-қувватлаши билан овоз бериш жараёнисиз қабул қилинди.
Сессия якунига кўра, UNESCO 2020 йилнинг аксар қисмида ҳукм сурган қатъий карантин чекловлари шароитида Ўзбекистон томондан барча вазифаларни амалга ошириш учун кўпроқ вақт талаб этилишини инобатга олган ҳолда, “Шаҳрисабз тарихий маркази” объектини тиклаш бўйича вазифалар ижроси муддатини яна бир йилга узайтирди.
Қарорларда Ўзбекистон Республикасига шаҳарлар бош режаси ва объектлар бошқаруви комплекс режаларини тайёрлаш ҳамда ваколатли ташкилотларнинг тавсияларига амал қилишга доир алоҳида чорловлар киритилган.
Сессия давомида шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон мероси рўйхатига киритиш учун таклиф қилинган объектлари бўйича янгиланган рўйхат тасдиқланди. Дастлабки рўйхат республика бўйлаб жойлашган 32 та маданий, табиий ва маданий-табиий (аралаш) мерос объектини ўз ичига олган, бу минтақанинг бошқа давлатларига нисбатан энг юқори кўрсаткичдир.
Маълумот учун, Россияда бу кўрсаткич – 28, Украинада – 17, Тожикистонда – 17, Қозоғистонда – 14, Туркманистонда – 10 та, Озарбайжонда – 10 та, Aрманистонда – 4 та ва Қирғизистонда 2 тани ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, Шаҳрисабз шаҳри тарихий маркази UNESCO’нинг моддий маданий мерослар рўйхатидан чиқиб кетиш хавфи остида экани ҳақида хабар берган эдик. UNESCO умумжаҳон мероси қўмитаси томонидан берилган тавсиялар ҳаётга тадбиқ этилмаса, қўмитанинг 45-йиғилишида ушбу масала жиддий муҳокама қилиниши режалаштирилганди.
LiveБарчаси