Украина “Eurovision-2023” танлови мезбонлигидан мосуво қилинди

Маданият-санъат 5191
image

Европа Радиоэшиттиришлар Иттифоқи (ЕРИ) “Евронигоҳ-2023” (“Eurovision-2023”) қўшиқлар танлови 2022 йилда вакили ғолиб бўлган Украинада ўтказилмаслигини расман маълум қилди.

Танлов тамойилига кўра финалда қайси мамлакат ғалаба қозонса, келгуси йил айнан шу давлат танловга мезбонлик қилади. Жорий йилнинг май ойида Турин шаҳрида бўлиб ўтган танловда Украина “Kalush Orchestra” гуруҳи томонидан куйланган “Стефания” қўшиғи билан иштирок этди ва финалда ғалаба қозонди. Аммо ЕРИ Украинадаги нотинч вазият туфайли “Евронигоҳ-2023” танлови Украинада ўтказилмаслигини эълон қилди.

2022 йилда Британия вакили Сэм Райдер 466 очко билан мусобақада иккинчи ўринни эгаллагани сабабли мезбонликка айнан Буюк Британия танлаб олинди. Энди тадбир ўтказиладиган шаҳарни аниқлаш керак. Украина амалдаги танлов ғолиби ва ташкилотчи мамлакат сифатида тўғридан-тўғри финал йўлланмасини қўлга киритган.

Маълумот ўрнида, “Евронигоҳ” танлови Украина учун бегона эмас эди. Сабаби 2005 ва 2017 йилларда ушбу танлов мамлакат пойтахти Киев шаҳрида ўтказилган.

Ярим финал ва финал 2023 йилнинг май ойида бўлиб ўтади.

Қайд этиш керакки, Буюк Британия “Евронигоҳ” танловининг оралиқ босқичларни четлаб ўтиб, тўғридан тўғри финалга чиқадиган “Катта бешлик” (Германия, Испания, Италия, Франция билан) таркибига киради.

Буюк Британия танловда ғалаба қозонганидан кейин тўрт мартта: 1968, 1977, 1982 ва 1998 йилларда; бошқа мамлакатлар ўрнига яна тўрт мартта: 1960, 1963, 1972 ва 1974 йилларда танловга мезбонлик қилган.

2022 йил қўшиқчи Сэм Райдер иккинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Бу Буюк Британиянинг ХХI асрдаги энг яхши натижасидир.

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 71
Рейтинг: 3
t
×