Украина дунёни Россияга қарши махсус трибунал тузишга чақирди

Олам

image

Украина Ташқи ишлар вазирлиги халқаро ҳамжамиятни Россия Федерациясининг Украинага қарши ҳаракатлари бўйича махсус трибунал яратишни қўллаб-қувватлашга чақирди. Бу ҳақда ТИВнинг Халқаро геноцид жинояти қурбонларини хотирлаш кунига бағишланган баёнотида айтилади. 

“Россиянинг Украинага қарши давом этаётган тажовузининг саккизинчи йили геноциднинг аниқ белгиларига эга. Ўзининг сталинчи салафининг виждонли давомчиси бўлган жиноятчи Кремль режими ҳам украинлар ва қрим татарларини йўқ қилишни, украинларнинг этник ва маданий ўзига хослигини йўқ қилишни, Украина давлати ва миллатининг бой тарихини инкор этишни, она тилини унутишни мақсад қилган”, дейилади вазирлик баёнотида. 

Украина Ташқи ишлар вазирлиги халқаро ҳамжамиятни Россия Федерациясига босимни кучайтиришга, Украина ҳукуматига ҳарбий ва гуманитар ёрдам ҳажмини оширишга, Россия Федерацияси жиноятларини тўғри текшириш ва ҳужжатлаштиришга ҳисса қўшишга чақирган. 

“Украина, шунингдек, Россия ва унинг раҳбариятини жавобгарликка тортиш учун Россия Федерациясининг Украинага қарши босқинчилик жинояти бўйича махсус трибунал ташкил этилишини қўллаб-қувватлаймиз”, дейилади баёнотда. 

Вазирлик 1932-1933 йиллардаги Голодоморни "Украина халқига қарши геноцид акти" сифатида расман тан олишга қаратилган ишларни давом эттиришига ишонтирди. 

“Бугунги кунда уни дунёнинг турли бурчакларидаги 19 та давлат тан олган. Биз уларга бундай қўллаб-қувватлаш учун самимий миннатдорлигимизни билдирамиз ва ҳали буни амалга оширмаган давлатларни тегишли ҳужжатларни қонунчилик даражасида қабул қилишга чақирамиз”, дейилади ТИВ хабарида.

Ўтган ҳафта Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен Украинадаги уруш учун Россиянинг юқори мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш учун "ихтисослаштирилган суд" яратиш ғоясини илгари сурди. Кремль эса таклиф қилинган трибуналлар ҳеч қандай қонунийликка эга бўлмаслигини айтиб чиқди. 

Шунингдек, Украина томони мамлакатда 2014 йил февралидан буён содир бўлган воқеалар бўйича махсус трибунал ташкил этишни таклиф қилган.

Маълумот учун, Голодомор – бу 1932-1933 йилларда Украина ССРнинг бутун ҳудудини ўша пайтда мавжуд бўлган чегаралар ичида қамраб олган ва миллионлаб одамлар қурбон бўлган оммавий очарчилик. 

2006 йилда Украина Олий Радаси Голодоморни Украина халқига қарши геноцид акти деб эълон қилди. Вақт ўтиши билан Голодомор ўнлаб бошқа давлатлар ва бир қанча халқаро уюшмалар томонидан геноцид акти сифатида тан олинди, бир қатор давлатлар ва бирлашмалар уни тоталитар Сталинистик тузум сиёсати натижаси деб тан олган. "Голодомор" сўзи украин тилидан бошқа тиллар, шу жумладан рус тилидан ўзлаштирилган (лекин рус тилида ҳар доим ҳам тегишли ном сифатида қаралмайди) ва оммавий ахборот воситаларида ва расмий ҳужжатларда кенг тарқалди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

60

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг