ЎФАда Мураббийлар кенгашининг йиғилиши ўтказилди
Спорт
−
29 Февраль 2020
4770Хабарингиз бор, Любинко Друлович бошчилик қилган Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Токио-2020 Олимпиадаси йўлланмасини қўлга кирита олмади. Эндиликда навбатдаги Олимпия ўйинлари ҳақида ҳозирданоқ ўйлаш, ҳамда пухта режа асосида тайёргарлик кўриш жараёнини имкон қадар эртароқ бошлаш талаб этилади.
Шу мақсадда бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясида Миллий Олимпия Қўмитаси раҳбарияти, ҳамда ЎФА Мураббийлар кенгаши аъзолари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда 2024 йили Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиши мумкин бўлган ёш тоифасига ҳозирданоқ жиддий эътибор қаратиш лозим экани, 2001 ва 2002 йилда таваллуд топган футболчилардан иборат терма жамоа учун комплекс-тайёргарлик режаси ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди.
Режага кўра, 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларига пухта ҳозирлик олиб бориш мақсадида Олимпия терма жамоасига номзод футболчилардан ташкил этиладиган “Олимпик 24” футбол жамоаси тузилади. Мазкур жамоа мамлакат чемпионатининг Биринчи лига мусобақасида иштирок этади.
“Олимпик 24” жамоаси 2001 ва 2002 йилда таваллуд топган футболчилар асосида шакллантирилади. Бу ёшдаги асосий футболчилар ўз клублари билан профессионал шартномага эга бўлади. “Олимпик 24” сафида эса улар рақобат муҳитини оширишади ва мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиб боришлари мумкин бўлади.
“Олимпик” жамоасининг чемпионатдаги асосий мақсади – футболчиларни шакллантириш, янги номларни кашф қилиш, ёш истеъдодларга зарур ўйин амалиётини тақдим этишдан иборат бўлади.
Қайд этиш жоиз, айнан 2001 ва 2002 йилда таваллуд топган футболчилар 2024 йилги Олимпиада ўйинларида иштирок этишлари мумкин. Улар 2024 йилда бўлиб ўтадиган U-23 Осиё чемпионати мусобақасини муваффақиятли босиб ўта олса, Ўзбекистон тарихида илк бор Олимпиада йўлланмаси қўлга киритилади.
Жаҳонгир Сотволдиев
LiveБарчаси