“Тушундим бошлиқ”. “Гаишник” Malibu’ни қўйиб юбормай, бошлиқни “ранжитиши” мумкинмиди?
Таҳлил
−
04 Август 2021
20674Хабарингиз бор, куни кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида қоида бузган Malibu автомобилини тўхтатган йўл-патруль хизмати инспектори ҳайдовчига жарима ёзмаслик ҳақида буйруқ олгани акс этган видео тарқалди. Видеода ЙПХ ходими Аброр Исмоилов Malibu автомобилига жарима ёзаётганида рациядан унга ҳайдовчини қўйиб юбориш ва оқ йўл тилаш бўйича топшириқ берилганини кўриш мумкин.
Давлатнинг ҳарбийлаштирилган тузилмаларида “буйруқ бажарилади, муҳокама қилинмайди” қабилида иш олиб борилиши янгилик эмас. Худди шундай ҳолат Олмалиқ шаҳрида содир бўлди. Бунда ЙПХ ходими Аброр Исмоилов қоидани бузган Malibu автомобили ҳайдовчисига жарима ёзаётганида, рациядан унга “Қўйвор, бўлди, кўп гапирмасдан”, деб буйруқ берилди. Инспектор командирнинг кўрсатмасини бажарди. Кейинчалик Тошкент вилояти ИИББ Матбуот хизмати Malibu “Ўзтeмирйўлмаштаъмир” унитар корхонасига тегишли экани, ҳайдовчи ҳаракат вақтида хавфсизлик камаридан фойдаланмагани сабабли тўхтатилганини очиқлади. Шунингдек, рация орқали ЙПХ инспекторига ҳайдовчини қўйиб юбориш бўйича топшириқ берган 2-минтақавий ҳудуд ЙПХ отряди командири амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларини бузгани учун интизомий жазога тортилгани айтилди.
Тўғри, рация орқали буйруқ берган ЙПХ отряди командирига интизомий жазо чораси қўлланилди. Лекин масаланинг бошқа томони бор: Malibu’да ўтириб отряд командирига буйруқ берганлар ким? Бу савол ҳамон очиқ қолмоқда. Чунки ЙПХ отряди командири ЙПХ инспекторидан, ҳатто, нима бўлганини суруштирмасдан, ҳолатга баҳо бермасдан, уни қўйиб юбориши ҳақида буйруқ берганига қараганда, Malibu’да “катта акалар” ёки уларга яқин қариндошлар ўтиргани аниқ. Хўш, шу вазиятда Malibu ҳайдовчиси маст ёки йўл-транспорт ҳодисаси содир этиб, инсон ўлимига сабаб бўлганда-чи?
Бу ерда ЙПХ ходими Аброр Исмоилов ҳаракатларини қоралаш нотўғри, чунки “Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги”ги Низомга кўра ички ишлар ходими хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиғига бўйсуниши белгиланган. Шу боис Исмоилоавга буйруқ берилди ва у буйруқни айтилганидек “кўп гапирмасдан” бажарди.
Янги Ўзбекистонда ҳар куни коррупция қарши кураш, ваколатни суиистеъмол қилмаслик борасида мажлислар, тадбирлар ўтказилмоқда, қарор ва фармонлар қабул қилинмоқда. Лекин бу иллатлар озайиш ўрнига баттар илдиз отмоқда. Дарвоқе Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам ушбу вазиятни ўрганишни бошлади. QALAMPIR.UZ Тошкент вилояти ИИББ билан боғланиб, Malibu’да ҳайдовчи кимлиги ҳақида маълумот сўраганда, бошқарма вакили Malibu ҳайдовчиси ўзининг “шахси сир” сақланишини хоҳлаганини айтиш билан чекланди.
И-е, буёғи неча пулдан тушди?! Оддий одамлар билан шунга ўхшаш ҳолатлар содир бўлиб қолса, телеканалларда, ижтимоий тармоқларда, қолаверса, ИИВ расмий саҳифаларида бонг уриб, шахснинг маълумотларини ошкор қилиш тугул, уларнинг ота-оналаригача узр сўраттирган Ички ишлар тизими Malibu ҳайдовчиси шахси сир сақланишини лозим деб топганига миқ этмай, рози бўлгани ажабланарли. Бошқалардан шахси очиқланиши сўралганмикан? “Автопатрул” кўрсатувини эслайсизми? Қарийб 20 йил эфирга узатилган ушбу дастурда минглаб ҳайдовчилар ТВга олиб чиқилиб, халққа кўрсатилган. Улардан ҳам юксак самимийлик ва илтифот билан “сизни ТВда кўрсатсак майлими?”, деб сўралганмикин. Ҳар ҳолда биз бунга ишонмаймиз.
Танганинг иккинчи томонига қайтамиз. Олмалиқдаги вазиятда қонуни инспектор эмас, унга буйруқ берган командир ва машина ичидаги “каттакон” бузган. Хўш, бошлиқ қандай бўлиши керак? Юқорида келтириб ўтилган Низомга мувофиқ бошлиқ унга бўйсунувчи ходимлар томонидан Уставга амал қилинишига талабчан бўлиши, уларга юксак касбий маҳорат, қонунийлик талаблари ҳамда қасамёдга риоя этиш борасида доимий равишда намуна кўрсатиши, уларни хизмат бурчи ҳиссини кучайтириш ва қўллаб-қувватлаши, ташаббус, интилиш ва хизматларини рағбатлантириши, шунингдек хизмат интизоми бузилган ҳолатларда жазо қўлланилишини таъминлаши зарур.
Олмалиқдаги вазиятда Низомда белгилангани каби бошлиқнинг “юксак касбий маҳорати” бўйича “мастер-класс”ни кўрдик. Яна бир жиҳатга аҳамият беришимиз лозим: “Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги”ги Низомга кўра, ноқонунийлиги яққол кўриниб турган ва хизмат фаолиятига алоқаси бўлмаган буйруқ ва топшириқлар берилишига йўл қўйилмаслиги, шунингдек бошлиқ қўл остидаги ходимлардан уларнинг хизмат бурчи доирасидан чиқувчи топшириқларни бажаришни ҳамда ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишни талаб қилишга ҳақли эмаслиги қатъий белгиланган.
Хўш, бошлиқ қонунга зид буйруқ берган тақдирда, ЙПХ ходими қандай йўл тутиши керак?
Ушбу вазиятда ходим яққол қонунга зид бўлган (хизмат фаолиятига алоқадор бўлмаган) буйруқ ёки топшириқ олганда, юқори турувчи раҳбарият ёки хизматни ўташ жойидаги ўз хавфсизлиги бўлинмасига зудлик билан хабар бериши лозимлиги белгиланган.
ЙПХ ходимининг юқори турувчи раҳбарият ёки ўз хавфсизлиги бўлинмасига хабар бериш имконияти бўлмаган тақдирда, қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда, ғайриқонуний буйруқ ва топшириқларни бажаришдан бош тортиши ва имкон пайдо бўлиши билан уларни хабардор қилиши керак. Олмалиқдаги рўй берган ҳолатда эса, афсуски, ЙПХ ходими берилган ноқонуний буйруқни бажаришни лозим деб топди ва буйруқдан ажаблангани ҳам йўқ. Саволга ҳам тутмади. Демак, бу илк бор рўй бераётган ҳолат эмас. Афсуски, тизимда юқоридан келган буйруқлар қонунга зид бўлишига қарамай, уларни сўзсиз бажариш тенденцияси шаклланиб улгурган.
Аслида бошлиқ ходимларни қариндош-уруғчилик, ошна-оғайнигарчилик, маҳаллийчилик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслиги лозим. У ўз хизмат бурчини ўташ пайтида маҳаллийчилик ва таниш-билишчилик, шунингдек бошқа салбий омилларнинг намоён этилишига барҳам бериши керак. Қани энди бундай тартиблар амалда бўлса...
Телефон ортидаги командир – шахси очиқланмай келаётган “Мистер Х” юқорида келтирилган қоидаларни била туриб, ўзи ноқонуний ҳаракат содир этиб, унга ЙПХ ходими Аброр Исмоиловни ҳам шерик қилганига қарамай, оддийгина “ҳайфсан” билан қутилиб қолди.
Бой жиноят қилса — шўхлик, камбағал шўхлик қилса — жиноят, деганлари шу бўлса керак-да.
LiveБарчаси