Туркманистонда 1 кунда 3 та янги вазирлик тузилиб, 2 та ҳоким ишдан олинди
Олам
−
15 Июль 8679 2 дақиқа
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов жорий йилнинг 11 июль куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишида Транспорт ва алоқа агентлигини тугатиб, учта янги вазирлик ташкил этиш ҳақида фармон чиқарди. Бу ҳақда “Туркманистон хроникаси” хабар берди.
Қайд этилишича, транспорт ва алоқа тизимидаги ислоҳотлар доирасида қуйидаги янги вазирликлар ташкил этилган:
- Темир йўл транспорти вазирлиги – вазир этиб Маммет Акмаммедов тайинланган;
- Алоқа вазирлиги – вазир Ҳожимурат Ҳудайгулиев (6 ойлик синов муддати билан);
- Автомобиль транспорти вазирлиги – вазир Бегенч Аннадурдиев.
Шунингдек, иккита янги давлат хизмати ташкил этилган:
- Türkmenhowaýollary (ҳаво йўллари бўйича) давлат авиакомпанияси, раис – Довран Сабуров;
- Дарё ва денгиз транспорти бўйича давлат хизмати, раис – Азат Шаназаров.
Бердимуҳамедов транспорт ва алоқа мажмуасига масъул бўлган янги вазир ўринбосари лавозимини ҳам жорий қилган. Бу лавозимга синов муддати билан аввал Транспорт ва алоқа агентлигига раҳбарлик қилган Мамметхан Чакиев тайинланган.
Шунингдек, Назар Агахонов Савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири этиб тайинланган.
Türkmenhimiýa давлат концерни раиси Доврангелиди Сапбаэв жиддий камчиликлар учун ишдан олинган. Унинг ўрнига вақтинча Тангригул Атаев тайинланган.
Ҳудудий бошқарувда ҳам ўзгаришлар бўлган:
- Лебап вилояти ҳокими Мақсат Аннанепесов ишдан олиниб, унинг ўрнига Дурди Ганжиев тайинланган. Ганжиев Сув хўжалиги давлат қўмитаси раиси лавозимини ҳам сақлаб қолган;
- Марий вилоятига эса энди Давронберди Аннабердиев раҳбарлик қилади. У Бегенчмурат Оразовнинг ўрнини эгаллаган.
Президент бошқа бир қатор тайинловларни ҳам амалга оширган: айрим туман ҳокимлари ва олий ўқув юртлари проректорлари алмаштирилган.
Транспорт ва алоқа агентлиги тугатилишидан олдин Чакиев 2025 йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти бўйича ҳисоб берган. Унинг айтишича, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар ҳажми режанинг 115,7 фоизини ташкил қилган. У янги алоқа технологияларининг жорий этилаётганини ҳам таъкидлаган.
Бироқ “Turkmen.news” ёзишича, расмий рақамларга қарамай, соҳадаги реал аҳвол идеал ҳолатдан йироқ: коррупция, паст сифатли хизматлар, автойўл қурилишининг чўзилиши, минтақаларда сифатсиз алоқа каби муаммолар сақланиб қолмоқда. Бу муаммоларнинг асосий сабаби сифатида илгари яратилган мураккаб бошқарув тизими кўрсатилмоқда.
Live
Барчаси