Туркманистон-Ўзбекистон подстанцияларини боғловчи ЛЭПда фавқулодда ўчиш юз берди
Жамият
−
04 Декабрь 2019
4396Бугун, 4 декабрь куни соат 10:53 да “Сердар” (Туркманистон) ва “Қоракўл” (Ўзбекистон) подстанцияларини боғловчи 500 кВли ҳаво электр узатиш тармоғида вақтинча фавқулодда ўчиш ҳолати содир бўлди. Бу ҳақда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ хабар бермоқда.
Ушбу магистрал электр тармоғи орқали қўшни Туркманистон энергетика тизимидан соатига ўртача 650 МВт электр энергияси импорти амалга оширилаётган эди.
Ҳаво тармоғи ўчиши сабабли аварияга қарши автоматика тизими ишлаши оқибатида Навоий, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида юкламаси 375 МВтга тенг истеъмолчилар автоматик тарзда тармоқдан узилди. Шунингдек, 40 МВт АБМК Бухоро вилояти ҳудудига қарашли насослар ва 20 МВт Навоий вилояти ҳудудига қарашли насослар тармоқдан узилган.
Тармоқдан узилган истеъмолчилар ва насос станцияларини зудлик билан улаш ва электр станцияларидаги захира қувватларини ишга киритиш бўйича жойларга соат 10:57 да тегишли топшириқлар берилган ва импорт амалиёти вақтинча тўхтатилганидан қатъи назар ўзбекистонлик истеъмолчиларга электр таъминоти етказиб берилмоқда.
"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖнинг қайд этишича, “Туркменэнерго” давлат электр энергетика корпорацияси ҳудудий бўлимлари томонидан носозлик сабабини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида бир нечта бригадалар ташкил қилиниб, магистрал линияларининг зарар етган жойларини аниқлаш ва бартараф этиш учун юборилган. Маълум қиламизки, носозликлар тез орада бартараф этилиб, электр энергия импорти амалга оширилаётган линия қайта уланади.
“Расмий баёнотларимиз ижтимоий тармоқ саҳифаларида асоссиз тахминлар орқали турлича талқин этилмаслиги учун шуни алоҳида таъкидлаймизки, “Сердар” ва “Қоракўл” подстанцияларини боғловчи 500 квли электр узатиш тармоғи “Туркменэнерго” давлат электр энергетика корпорацияси балансида бўлиб, импорт амалиётида вақтинча узилишлар бўлиши (тузатиш-таъмирлаш ишларининг олиб борилиши) Ўзбекистон Республикаси электр энергетика умумтизимига жиддий таъсир кўрсатмайди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон истеъмолчиларнинг электр энергияга бўлган эҳтиёжини қондириш учун "Туркменэнерго" билан келишув тузди.
LiveБарчаси