Туркий давлатлар ўртасидаги савдо ҳажми йилига 42 миллиард долларга етди
Олам
−
03 Ноябрь 2023
2058Туркий Давлатлар Ташкилотига (ТДТ) аъзо давлатлар ўртасидаги экспорт-импорт операциялари ҳажми йилига 42 миллиард долларга етди. Бу ҳақда ташкилотнинг Остонадаги саммитида ташкилот бош котиби Кубаничбек Омуралиев маълум қилди.
“Яна бир муҳим жиҳат – иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш, бугунги кунда ҳамкорликдаги савдо ҳажми 42 миллиард долларга етди”, дейди у.
Унинг сўзларига кўра, ТДТ ташкил этилганидан бери унинг доирасидаги ҳамкорлик йўналишлари сони сезиларли даражада ошди, сўнгги икки йил ичида у ўзаро ҳамкорликнинг 30 та йўналишига етди.
“Ташкилот эришган ютуқлар аъзо мамлакатлар раҳбарлари ташаббусларини муваффақиятли амалга ошириш билан боғлиқ. Ташкилотимиз 2021 йилда 47 та, 2022 йилда 62 та тадбир ўтказди. Жорий йилнинг 11 ойида сиёсат, савдо-иқтисодий, транспорт, божхона ҳамкорлиги, хавфсизлик, таълим соҳаларида 110 та тадбир ўтказилди”, дейди Бош котиб.
У эслаганидек, 2015 йилдан бери ТДТ инвестициялар, логистика, транспорт, коммуникациялар ва энергетика соҳаларини иқтисодий ривожланиш двигателлари деб белгилаган. Шу боис, у иштирокчи давлатлар учун қўшма савдо лойиҳаларини амалга ошириш муҳим деб ҳисоблайди.
“Айниқса, фуқароларимизга реал фойда келтириш мақсадида товарлар, хизматлар савдоси, капитал ҳаракати учун умумий қулай майдон яратиш, транспорт инфратузилмаси ва логистика марказларини ривожлантириш масалаларида алоҳида эътибор қаратилмоқда”, дейди Ўмуралиев.
Кейинги ТДТ саммити 2024 йилда Қирғизистонда бўлиб ўтади. Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо, Туркманистон ва Венгрия кузатувчи сифатида иштирок этади.
LiveБарчаси