ТТЗ Чирчиққа кўчирилади
Жамият
−
15 Апрель 2022
11081Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерини ривожлантириш режалари тақдимоти билан танишди.
Президент Матбуот хизмати берган хабарда қайд этилишича, соҳани саноат кластери усулида ривожлантириш мақсадида Чирчиқда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластери ташкил этилмоқда. Бугунги кунда у ерга собиқ “Технолог” ва “Агрегат” заводлари ускуналари тўлиқ кўчирилган.
Тақдимотда шундай ишлар ва навбатдаги режалар кўриб чиқилган.
“Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги – катта ва муҳим тармоқ. Бу ҳосилдорлик юқорилиги, озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ масала. Замонавий техникалар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, сифат ва хизмат нуқтаи назаридан ҳали қилинадиган ишлар кўп”, деган Шавкат Мирзиёев.
Бу ишларни тизимли олиб бориш учун Бош вазир раҳбарлигида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги масалалари бўйича комиссия тузилиши белгиланган.
Аввало, Чирчиқдаги кластерга кўчирилган қувватлар негизида культиватор, сеялка, косилка, чизель, борона ишлаб чиқаришни бошлаш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, Тошкент трактор заводини ҳам кўчириб, кластерни 2023 йил январдан тўлиқ ишга тушириш вазифаси қўйилди. Унгача агрокластерлар ва фермерлар талабини ўрганиб, аниқ буюртмаларни шакллантириш муҳимлиги айтилди.
Бугунги кунда ерни лазер орқали текислаш техникаларига талаб юқори. Шу боис, мутасаддиларга шундай техника ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш топширилди. Эскирган тракторлардан тўлиқ воз кечиб, янги миллий трактор моделини яратиш бўйича кўрсатма берилди.
Пахтани комбайнда териш улуши жорий йилда 35 фоизга, 2023 йилда эса 50 фоизга етказилиши қайд этилди.
Йил якунигача Андижонда металл қуйиш заводини ишга тушириб ҳамда 90 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириб, техникалар таннархини камида 12 фоизга камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Деҳқон ва фермерларни ўйлантирадиган масалалардан яна бири – техника бузилса, уни тузатиш, эҳтиёт қисмлар топиш ва таъмирлаш. Шу боис Президентимиз машинасозликда савдо ва сервис хизматлари кўрсатиш бўйича яхлит тизим яратиш, 14 та ҳудудда сервис маркази ва 100 та мобил гуруҳлар ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.
Янги техникалар, умуман, қишлоқ хўжалиги механизацияси бўйича мутахассисларни ўқитиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.
LiveБарчаси