Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига киради?
Бу қизиқ
−
07 Январь 2020
18351Одатда йўл қоидаларини бузган ҳайдовчилар ҳар не бўлса ҳам ўзи бошқариб келаётган транспорт воситасининг жарима майдончасига қўйилишига розилик бермайди. Аммо бу йўл патруль хизмати ходимининг шахсий хоҳиши ва кайфияти билан боғлиқ жараён эмас. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида транспорт воситаларининг қандай ҳолатларда жарима майдончасига қўйилиши тартиби аниқ-тиниқ қилиб белгилаб берилган.
Ички ишлар органлари томонидан қуйидаги ҳолатларда транспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилиши мумкин:
• тормоз тизимида, руль бошқарувида ёки уловчи қурилмада носозлиги бўлган ёхуд рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспортлар бошқарилганда;
• фойдаланиш ман этилган транспорт воситалари, шунингдек давлат рақами ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспортлар бошқарилганда;
• давлат рақами ясама ёки ўзгартирилган транспорт воситалари, шунингдек давлат рақами шу транспорт воситасига тегишли бўлмаган транспорт бошқарилганда;
• рухсатномасиз оғир вазнли, йирик габаритли, хавфли юкларни ташиш ва юк билан ёки юксиз ҳолдаги габарит ўлчамлари белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспортларда йўлга чиқилганда, худди шунингдек рухсатномада кўрсатилган ҳаракат йўналишидан четга чиқилганда;
• кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган ойнали транспорт воситаларидан, ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспортлардан фойдаланилганда;
• рухсат олмасдан транспортларга товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмалар ўрнатилганда, шунингдек давлат рақамини кўриш имкониятини чеклайдиган ашёлар ўрнатилганда ва қоплама суртилганда;
• тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидалари бузилганда (агар транспорт воситасининг ҳайдовчиси бўлмаса ва тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатланишига халақит берса);
• транспорт алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқарилганда;
• алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқариш топширилганда;
• транспортни бошқариш, унга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш, тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи, рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги ҳужжатлари, суғурта полиси, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса лицензия карточкаси ёки йўл варақаси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспортни бошқарганида, шунингдек ишончномаларни, транспортни бошқа шахсга ўтказиш ва ижарага бериш шартномаларини рўйхатдан ўтказмасдан транспорт бошқарилганида;
• транспортни бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг транспортни бошқарганида, шунингдек бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқариш топширилганда;
• транспортни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар транспортни бошқарганида;
• мажбурий суғурта бўйича мажбурият бажарилмаганида;
• суғурта полисларида белгиланмаган даврда ҳамда суғурта полисларидаги шартларни бузган ҳолда транспорт бошқарилганда;
• ҳайдовчилар алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлик ёки маст эмасликни аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаганда ҳамда мазкур ҳуқуқбузарлик транспортни бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилганда;
• йўл-транспорт ҳодисаси қатнашчилари ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолганида;
• йўловчилар лицензиясиз ташилганда;
• ҳайдовчилар ички ишлар органлари ходимининг транспортни тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабини бажармаганда;
• ов қилиш ва балиқ овлашнинг тақиқланган қуроллари тайёрланган, олиб кирилган, сақланган, ташилган, юборилган, олинган ёки сотилганда;
• қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь