“Трамп Нетаняхунинг қўғирчоғига айланган!”
Интервью
−
01:19 3521 4 дақиқа
Эрон Исроилни йўқ қилиш учун Ким Чен Ин таклиф қилган ракеталарни оладими? Олий раҳнамоси ўлдирилгани учун тарихдаги энг шиддатли ҳужум билан жавоб қайтаришни ва қасос олишни ваъда қилган Эрон томони қандай воқеа юз берса қасос олинди деб ҳисоблайди? Кимдир ўлиши керакми? Мамлакат эҳтимоли жуда юқори бўлган урушдан нега ўз раҳбарини ҳимоя қила олмади? Мудофаа шу қадар кучсизмиди? Барча саволларга Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий жавоб берди.
4 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида элчи, бутун дунё эътибори марказида турган уруш ҳақида фикр билдириб, Трампни Исроил бошқараётганини айтиб, АҚШ президентини танқид қилди.
“Ёдингизда бўлса керак. Трамп ҳукуматга келиш вақтида “Америка биринчи” шиорини ўзининг асосий ғояси сифатида кўрсатди. Лекин ҳозир Яқин Шарқ минтақасидаги сиёсатини кўриб, у учун айни пайтда Исроил биринчи ва Америка охирги ўринда дейиш мумкин. Яъни Нетаньяҳу Трампга ўзининг фикрини ўтказа олди. Дунёда тинчлик ўрнатаман деб келган одам унга ўт қўйяпти. Агар дунёда Россия, Хитой, Ҳиндистон бўлмаганида эди, бугун улар бутун дунёга олов қўйган бўлишарди”, деди Искандарий.
Сўнгги вақтларда АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужум қилиши таҳдидлари орқали деярли аниқ эди. Табиийки бундай кескин пайтларда давлатнинг энг муҳим шахсининг хавфсизлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлади. Бироқ Хоманаий ўлдирилди. Унинг қароргоҳи портлатилди. Табиий савол туғулади. Эрон мудофааси олий раҳнамони ҳимоя қила олмайдиган даражада заифмиди? Бу саволга ҳам жавоб берилди.
“Бизнинг олий раҳнамомиз 37 йил бир жойда яшади. Бу жой жуда оддий, ҳеч қандай мураккаб техник иншоотлар ёки қасрлар йўқ. У оддий халқ каби яшарди. Бизнинг мафкурамизга кўра раҳбарлар халқ қийинчиликда қолганда қочиб кетмайди ёки ўзига хавфсиз қасрлар қуриб олиб, ўша ерга кириб беркинмайди. Инқилобдан олдинги шоҳлар каби эмас. Қолаверса, бизда шаҳид бўлиш ёмон нарса эмас, балки шараф ҳисобланади. Агар вақти келиб шаҳид бўлинса, бу ғурур билан қабул қилинади. У киши ўз оиласи даврасида шаҳид бўлди. Халқаро конвенцияларга кўра, давлат раҳбарлари дахлсиз бўлиши керак, лекин душман томон Америка ва Исроил ҳеч қандай қонунга амал қилмайди”, деди Эрон расмийси.
Яқин Шарқдаги можаро фонида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин агар Эрон хоҳласа, ўз ракеталарини беришга тайёр эканини айтган эди. Бироқ Эрон ҳеч бир давлатдан ёрдам олмаслиги ва ўзини ҳимоя қилишга қодирлиги билдирилди.
“Эрон халқи ўзига нисбатан қилинган жиноятларни ҳеч қачон унутмайди. Биз — қасос олишни биладиган, аммо буни катта сабр ва босиқлик билан амалга оширадиган халқмиз. Қасоснинг айнан қандай бўлишини, қачон ва қайси шаклда амалга оширилишини белгилаш — бу бизнинг Олий раҳбаримиз ва ҳарбий қўмондонлигимизнинг ваколатидаги масаладир. Бу шунчаки ҳис-туйғу эмас, балки аниқ ҳарбий-стратегик ҳисоб-китобдир. Қасоснинг шакли турлича бўлиши мумкин: у душман учун кутилмаган, сиёсий ёки ҳарбий зарба кўринишида бўлади. Бизнинг раҳбарларимиз доимо узоқни кўзлаган сиёсий кампаниялар ва стратегиялар асосида ҳаракат қилишади. Асосийси — қилинган жиноят жазосиз қолмаслигидир”, деди Искандарий.
Эрон расмийсига кўпчиликни қизиқтирган савол ҳам берилди. Уруш яқин ўртада тўхташи мумкинми? Томонларни музокара столида кўрамизми?
“Биз урушни истамаймиз. Агар бизга нисбатан тажовуз тўхтаса, биз ҳам ҳужумни якунлаймиз. Лекин тажовуз тўхтамас экан, ҳеч қандай музокара ўтказмаймиз”, дея Эрон позицияси билдирилди.
ундай қилиб, Яқин Шарқ бугун портлаш арафасидаги вулқонни эслатмоқда. Дипломатия тили ўрнини ракеталар шовқини эгаллаган бир пайтда, саволлар ҳамон очиқлигича қолмоқда: қасос олови қачон пасаяди ва бу оловда яна кимлар ёнади? Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бир даврнинг якуни ва номаълум келажакнинг остонасида турибмиз.
Мазкур жараёндан тайёрланган репортажни You tube саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
Live
Барчаси