Трамп Қозоғистон товарларига 25 фоизлик бож жорий этмоқчи
Олам
−
08 Июль 2025 3418 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп 1 августдан бошлаб 14 та давлатга янги савдо божларини жорий этилаётгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.
Биринчилардан бўлиб мактуб олганлар Япониянинг Бош вазири Сигеру Исиба ва Жанубий Корея Президенти Ли Чже Мён бўлган. Трамп ушбу мамлакатларга юборган мактубларида жорий йил 1 августдан бошлаб АҚШ ушбу давлатлардан импорт қилинадиган барча маҳсулотларга 25 фоизлик бож солишини билдирган.
Кейинги навбатда Малайзия, Қозоғистон ва Жанубий Африка Республикаси раҳбарларига хабар юборилган. Улар мамлакатларидан олиб кириладиган маҳсулотларга 25 фоизлик бож жорий этилиши ҳақида огоҳлантирилган. Лаос ва Мянма ҳукуматларига эса 40 фоизлик тариф киритилиши ҳақида маълумот берилган.


Кун давомида Трамп яна етти давлат етакчисига – Тунис, Босния ва Герсеговина, Индонезия, Бангладеш, Сербия, Камбоджа ва Таиландга мактуб юборган.
Ушбу давлатлар учун АҚШ Президенти қуйидаги бож ставкаларини белгилаган:
- Тунис – 25%;
- Босния ва Герсеговина – 30%;
- Индонезия – 32%;
- Бангладеш ва Сербия – 35%;
- Камбоджа ва Таиланд – 36%.
Трамп агар ушбу давлатлардан бири ўз навбатида жавобан божни оширадиган бўлса, АҚШ ҳам худди шундай миқдорда божни оширишини айтди. Шунингдек, у давлат раҳбарларини бождан қочиш учун маҳсулотларни АҚШда ишлаб чиқаришга чақирди.
Кейинчалик Оқ уйда бўлиб ўтган тадбирда Трамп журналистларга берган баёнотида 1 августдан бошлаб божлар жорий этилиши қарори “аниқ, лекин 100 фоиз эмас”лигини айтди.
“Агар улар (яъни бож қўлланиладиган мамлакатлар раҳбарлари) қўнғироқ қилиб, масалани бошқа йўл билан ҳал қилишни исташса, биз бунга очиқмиз”, деди АҚШ Президенти.
Бу орада Япония Бош вазири Трампнинг Японияга 25 фоизлик бож жорий этиш қарорини “ачинишга лойиқ” деб атади. У Токио ва Вашингтон ўзаро манфаатли келишувга эришиш учун музокараларни давом эттиришини маълум қилди.
Жанубий Корея Президенти маслаҳатчиси Ви Сон Лак эса АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан учрашувда Сеул Трамп ва Ли Чже Мён ўртасида яқин вақт ичида саммит ўтказилишига умид қилаётганини, бу орқали барча ҳал қилинмаган масалалар бўйича ўзаро манфаатли натижага эришиш истагини билдирди.
“У, шунингдек, тарифлар бўйича музокаралар икки томонлама иттифоқни мустаҳкамлаш йўлида олиб борилиши кераклигини таъкидлади”, деб хабар берди Жанубий Корея Президентининг идораси.
Ўз навбатида, Марко Рубио икки давлат тарифлар амалда кучга киришидан олдин, яъни 1 августгача савдо битимига эришиш учун яқин алоқада бўлиб туришларига умид билдирди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 апрель куни Трамп АҚШдан “фойда кўраётган” бошқа давлатларга қарши “савдо уруши” бошланганини эълон қилган эди. У бу кунни “Американинг сўрувчилардан озод бўлган куни” деб атаган.
Трамп айтаётган “уруш” – бу турли давлатлардан АҚШга импорт қилинадиган маҳсулотларга савдо божларини жорий этишдир. Бу чоралар тахминан 180 давлатни, жумладан Ўзбекистонни (10 % бож) ҳам қамраб олган.
Live
Барчаси