Трамп америкаликларни “машаққатли” икки ҳафта келаётганидан огоҳлантирди
Олам
−
01 Апрель 2020
9158АҚШ Президенти Дональд Трамп америкаликларни олдиндаги “жуда оғир” ва “машаққатли” икки ҳафтадан огоҳлантирди. Бу ҳақда у Оқ уйдаги брифинг вақтида айтиб ўтди.
“Мен ҳар бир америкалик олдиндаги оғир кунларга тайёр бўлишини истайман. Биз ўта оғир икки ҳафтадан ўтиб оламиз”, деган Трамп.
Қайд этиш керакки, Трамп коронавирусга қарши умуммиллий чораларнинг амал қилиш муддатини узайтирди. Бироқ бу қоидаларга тўлиқ риоя қилганда ҳам 100 мингдан 240 минггача америкалик коронавирус қурбони бўлиши мумкин.
Бу коронавируснинг оқибатари ва АҚШга таъсири жиддий бўлиши мумкинлигига эътибор қаратмай келаётган Президентнинг кескин мурожаати эди. Трамп коронавирус пандемияси Америка учун ўн йилликларда энг жиддий инқироз бўлганини яшириб ўтирмади.
Маълумот учун, 29 март куни Дональд Трамп коронавирусга қарши кураш доирасида жорий қилинган чора-тадбирларни 30 апрелгача узайтирди. Ҳукумат фуқароларга уйдан ишлашга ўтишни, яшаш жойини заруратсиз тарк этмасликни, таомларни буюртиришни ва ижтимоий алоқаларни камайтириш ёки умуман истисно қилишни тавсия қилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Америкада 189 мингдан кўпроқ одам коронавирус юқтирган. Уларнинг 3900 нафари вафот этган.