Тожикистонда ҳам Рамазон ҳайити қачон нишонланиши айтилди
Олам
−
14:27 8134 1 дақиқа
Тожикистонда 2026 йил учун муқаддас Рамазон ойи 29 кун деб белгиланди ва Ийд ал-Фитр (Рамазон ҳайити) байрами 20 март куни нишонланади. Бу ҳақда “Asia-Plus” нашрига мамлакат Дин ишлари, анъана ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси маълум қилди.
Манбага кўра, бугун, 17 март куни мамлакат Уламолар кенгаши йиғилиш ўтказиб, шундай қарорга келган. Уламолар кенгаши қарорига мувофиқ, Тожикистоннинг барча масжидларида Рамазон ҳайити намози 20 март куни эрталаб соат 7:30 да бошланади.
Ушбу кун мамлакатда дам олиш куни деб эълон қилинади. Йиғилишда имом-хатибларга ўз ваъзларида муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатиш зарурлиги, шунингдек, байрам кунлари исрофгарчиликка йўл қўймаслик ва тежамкорлик ҳақида гапириш топширилган. Шунингдек, барча имом-хатибларга Уламолар кенгашининг табрик матнини аҳолига етказиш вазифаси юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда ҳам Рамазон ҳайити 20 март куни нишонланиши эълон қилинган эди.
Live
Барчаси