Тожикистон Президенти Раҳмон ҳам сайловда овоз берди
Олам
−
11 Октябрь 2020 6552 2 дақиқа
Аввал хабар берганимиздек, бугун, 11 октябрь куни Тожикистон Республикаси Президент сайлови бўлиб ўтмоқда.
Сайловда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳам овоз берди. У овоз бериш учун Душанбе шаҳрининг Исмоили Сомони туманининг 2-сайлов округи, 15-сайлов участкасига борди.
Овоз берганидан сўнг Тожикистон раҳбари Марказий сайлов комиссияси расмийлари билан суҳбатлашди.
Аввалроқ, Тожикистон раҳбарининг ўғли - Душанбе шаҳри ҳокими ва парламент спикери Рустам Имомали юқоридаги сайлов участкасига ташриф буюриб, овоз берган эди.
Овоз бериш жараёни соат 20:00 да якунланади. Беш номзод давлат раҳбари лавозимига даъвогарлик қилмоқда.
Улар орасида Мустақил касаба уюшмалари федерацияси, Ёшлар иттифоқи ва Тожикистон Халқ демократик партияси томонидан номзод қилиб кўрсатилган амалдаги Президент Имомали Раҳмон ҳам бор.
Шунингдек, сайловларда социалистлардан Абдуҳалим Ғаффорзода, Тожикистон Иқтисодий ислоҳотлар партиясидан Рустам Раҳматзода, коммунистлардан Мирож Абдуллоев ва аграрлардан Рустам Латифзода иштирок этмоқда.
Президентлик сайловида Тожикистонда мавжуд 7 та сиёсий партиядан бештасининг номзоди иштирок этмоқда.
Тожикистонда сайловчиларнинг умумий сони 4 млн 900 минг 545 тага тенг бўлиб, улар 68 та сайлов округларида жойлашган сайлов участкаларида муносиб номзодларга овоз берадилар.
Шунингдек, овоз бериш учун 29 та мамлакатда 39 та сайлов участкалари очилган.
Маълумот учун, Тожикистондаги сайловларни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси бошчилигидаги делегация ҳам кузатиб бормоқда.
Мамлакатнинг амалдаги Президенти Имомали Раҳмон 1994 йилдан буён президентлик курсисини эгаллаб келмоқда.
Live
Барчаси