Тошкентнинг босиб олинишига 160 йил: шаҳарни сотганлар ким?

Таҳлил

image

29 июнь куни генерал Михаил Григорьевич Черняев бошчилигидаги рус босқинчиларининг Тошкентни эгаллаб олганига 160 йил тўлгани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти олимлари томонидан “Тошкент босқинининг 160 йиллиги: ҳақиқат ва уйдирмалар” мавзусида илмий йиғин ўтказилди. Маълумки, рус босқинчилари Туркистоннинг муҳим ҳарбий-сиёсий, иқтисодий марказларидан бири саналмиш Тошкентни  қўлга киритиш мақсадидаги дастлабки ҳужумларини 1864 йил 1 октябрда бошлаган ва 1865 йилнинг 29 июнида ўз ниятларига эришган. Илмий йиғинда академик Азамат Зиё мавзу илмийгина эмас, сиёсий мазмунга ҳам эгалиги, босқин ва унга қарши курашни шунчаки тарихий воқеа эмас, балки босқинчиларнинг чин табиати ва халқнинг эркинлик туйғуси нуқтаи назарларидан ўрганиш ва ёритиш кераклиги, Россия империясининг Туркистонга тажовузини оқлаш бўйича сингдириб келинаётган турли “илмий-назарий” найрангларни очиб ташлаш заруратини таъкидлади.

Шаҳарнинг босиб олиниши ўзбек хонликларининг бирин-кетин истило қилинишига муҳим шароит яратиб берди. Тошкентнинг қўлдан кетиши нафақат вақт масаласи, балки бир неча шахсларнинг ўз манфаатларини ватан туйғусидан устун қўйган ҳам эди. Хўш, 160 йил олдин Тошкент осмонида қандай булутлар кезаётган эди? Рус босқинчилари найранглари ва уларга хизмат қилган маҳаллий савдогарлар ҳақида нималар маълум?

“Рус сардорлари ва аскарларини олиб келиб, уларга шаҳарни топширдик…”

1865 йилдаги Тошкент шаҳри режаси

Таҳлилларга кўра, XVI аср бошидан – Темур ва темурийлар салтанати инқирозидан кейин бошланган беқарорлик оқибатида Туркистон XVIII-XIX асрларга келиб дунёнинг кўпгина мамлакатларидан орқада қолаётгани сезилганди. Рус босқинчиларининг қозоқ жузларини бирма-бир бўйсундирганидан кейинги юриши ўзбек хонликларига эди ва бунда Қўқон хонлиги таркибидаги сиёсий, иқтисодий, маъмурий ва йирик савдо-сотиқ марказларидан бири ҳисобланган Тошкент дастлабки нишон бўлди.

Қалин девор билан ўралган, 12 дарвозали бу шаҳарни босиб олиш мақсадида қилинган илк ҳужум 1864 йил кузида амалга оширилади, аммо тошкентликларнинг шаҳарни қаттиқ ҳимоя қилиши натижасида Черняев ўз мақсадига эриша олмайди. Шундай қилиб, босқинчилар кейинги йилга қолган ҳужумни 1865 йилнинг апрелида давом эттиради ва 17 июнда Тошкентни буткул босиб олади. Шундан сўнг шаҳардаги 12 дарвозанинг расмий олтин калитлари Черняевга топширилади ҳамда Тошкент ва унга қарашли ерларда чор Россиясининг ҳукмронлиги ўрнатилади.

Генерал Михаил Григорьевич Черняев

Генерал Черняев гўё шаҳар ўз хоҳиши билан чор Россиясига қўшилгани ҳақида ҳужжат тайёрлайди ва бир неча тошкентлик мулозимларни уни тасдиқлашга мажбурлайди. Бундай ёлғонни хоинлик деб ҳисоблаган мулозимлар эса Сибирга сургун қилинади. Бу ҳужжат Россияни рақиби Англия ва дунё олдида оқлаш учун ҳам керак эди.

2009 йилда нашрдан чиққан “Тошкент” энциклопедиясига кўра, мазкур ҳужжатда “… фуқаро ва мамлакат тинчлиги учун тамоми ихтиёримиз ва рағбатимиз билан рус сардорлари ва аскарларини олиб келиб уларга шаҳарни топширдик”, жумласи бор эди. Ўша давр тарихчиси Муҳаммад Солиҳхўжанинг ёзишича, қалбаки ҳужжат мазмуни баён этилгач, шаҳар аъёнларидан бири домла Муҳаммад Солиҳбек Охунд уни тасдиқлашдан бош тортиб, шундай жавоб қилган:

“Бизлар воқеа ва ҳодисаларни бекитмасдан маълум қиламизки, Тошкентдан Оқмасжидгача ва бу ердан Фулжагача бўлган шаҳар ва қалъалар Тошкентга қарар эди. Бу жойларни рус аскарлари уруш ва талаш билан қўлларига киргиздилар. Уруш тўсатдан, муҳлатсиз ва сўзсиз олиб борилди. Тошкент шаҳри зулҳижжа ойининг ярмидан бошлаб сафар ойининг 12 кунигача, яъни 42 кун давомида сувсиз, озиқ-овқатсиз қолдирилди. Мулло Алимқул лашкарбоши шаҳид бўлгандан кейин сардорсиз қолди.

Бухоро, Хоразм ва фарғоналиклар ёрдам бермадилар. Тошкентликлар ватани ва дини учун қаттиқ туриб урушни давом эттирди. Сешанба куни ярим кеча ўтгандан кейин, саҳарга яқин рус аскарлари Хиёбон дарвозаси ва қалъанинг девори устидан фуқаро уйқудалиги вақтида бостириб кирди. Шундан кейин яна урушга киришиб, пайшанба кунигача икки кеча-кундуз уришиб турдилар. Бу ўртада кўп иморатлар, дўконлар ва уй-жойларга ўт тушиб оч, ташна, сувсиз яккама-якка уруш бўлиб, охирида ярашиш сулҳи тузилди”.

Бундан ғазабланган Черняев Муҳаммад Солиҳбек ва унинг тарафдорларини, хусусан, Ҳакимбой, Бердибой, Азимбой, Мулла Мирзааълам Охунд, Мулла Музаффархўжа ва Мулла Файзинор Домлаларни сургун қилади.

Шундай босим остида қолган бошқа шаҳар аъёнлари босқинчи Черняев айтган аҳдномани талаб қилинган мазмунда тайёрлаб беришни ўз зиммаларига олади.

Сотмайди юртини бирор отбоқар.

Сотса, зериккандан зиёли сотар...

Шоир Муҳаммад Юсуфнинг “Ажаб” шеърида келтирилган ушбу мисралар нақадар ҳақиқат эканини Тошкентга қилинган хиёнатлар мисолида кўриш мумкин. Тарихчи олим Ҳамид Зиёев ўзининг “Ўзбекистон мустақиллиги учун курашларнинг тарихи” китобида ёзишича, Тошкентни эгаллаб олишда русларга шаҳар ичидан “ёрдам қўли” узатилган.

Хусусан, 1864 йилнинг кузидаги ҳужум давомида Дуғлат қабиласининг бошлиқларидан бири рус қўшинларига жосус сифатида хизмат қилган Бойзоқбой номли киши қатл этилганидан сўнг унинг ўғли Оқмулла шаҳарни эгаллаш учун тайёргарлик ишларини кўриб, озиқ-овқат, қурол-аслаҳа ва бошқа нарсаларни Тошкентга олиб боришда босқинчи Черняевга хизмат қилган.

Ўша йилнинг ноябрида Тошкент амалдорларидан бири Абдураҳмонбек Шодмонбековнинг Черняев номига ёзилган хатини олиб кетаётган жосус қўлга олинади. Муаллифга кўра, рус генерали шаҳар ҳақида муҳим маълумотларни баъзи кишилар орқали шу йўсинда олиб турган. Абдураҳмонбек Тошкентдан қочиб, Черняев ҳузурига боришга улгуради.

Ҳамид Зиёевнинг ёзишича, кейинчалик айнан Абдураҳмонбек маслаҳати билан шаҳарни сувдан маҳрум этиб, уни таслим этиш мақсадида Чирчиқ ёнидаги Ниёзбек қалъаси эгалланади ва Кайковус ариғидаги тўғон бузилиб, Чирчиқ дарёсига буриб юборилади.

Шунга қарамай, шаҳарни сақлаб қолиш учун катта жанглар олиб борилади. Ҳатто босқинчилар Камолон дарвозасини ёриб ўтиб, ичкарига киришга муваффақ бўлса-да, қарши курашлар маҳалла ва кўчаларда ҳам давом этади. Аммо муаллифга кўра, рус отряди айрим хоин кишилар орқали шаҳардаги ўқ-дори омборини топиб, уни портлатишга муваффақ бўлади. Бу шаҳар мудофааси тақдирини ҳал қилган омиллардан бири ҳисобланади.

Сувсизлик, йўқчилик ва ўқ-дори етишмаслиги шаҳар халқи тинкасини қуритади. Оқибатда 1865 йил 17 июнда тошкентликлар душман ҳужумига бардош бера олмай, таслим бўлишга мажбур бўлган.

Баъзи манбаларда тошкентлик бой савдогарлар Россия империясида божсиз савдо қилишни истагани учун ҳам рус босқинчиларига шаҳарнинг нозик нуқталари, қўриқланиш тизими ва бошқа муҳим маълумотларни етказиб тургани айтилади.

Шунингдек, уларнинг на Қўқон хонлиги ва на Бухоро амирлигига бўйсунишни истамагани ҳам генерал Черняевга зимдан хизмат қилишига сабаб бўлгани айтилади. Масалан, Муҳаммад Соатбойдек обрўли одамлар Черняевни қўллаб-қувватлаган.

Полковник Андриан Серебренников ўзининг 1914 йилда нашр эттирилган “Туркистон ўлкасининг босиб олиниш тарихидаги материаллар тўплами. Туркистон ўлкаси” номли китобида таъкидлашича, ички душман, яъни савдогарларнинг бир гуруҳи Черняевни қўллаб-қувватлаб, унга ишонч билдириб, Тошкент дарвозаларини очиб беришни ваъда қилади. Бу эса савдогарларга Москва ва Новогород шаҳарларида божсиз эркин савдо қилиш имконини беради.

Тўғри, барча савдогарлар ҳам ўз келажагини руслар таркибига қўшилишда кўрмасди, лекин тошкентликлар бундан буён Қўқон таркибида қолиш ёки Бухорога қўшилиш улар учун ҳеч қандай яхшилик олиб келмаслигини, уларнинг ҳаётий манфаатлари кўпроқ марказлашган бошқарувни ҳимоя қилишни талаб қилишини англаб, шаҳарнинг келажакдаги тақдирини ўйлашарди.

Шунингдек, Серебренниковга кўра, шаҳарлик бойлардан бири Тўрахон Зайбуханов 1865 йилда Петербургга бориб, у ерда император ҳузурига кириб, Тошкентни босиб олиш таклифини беради. Тошкентлик 50 та нуфузли киши русларни қўллаб-қувватлашини ва ҳаттоки, 2 минг кишини ёрдамга беришини айтган.

Инсонлар кетади, излари қолади

XVIII-XIX асрларда Қўқон хонлиги минтақадаги бошқа хонликлардан ташқари Хитой, Ҳиндистон, Эрон ва бошқалар билан карвон йўллари орқали қизғин савдо муносабатларига киришган эди. Айниқса, 1800 йилларнинг иккинчи ўн йиллигидан бошлаб Россия билан савдо-сотиқ ишлари яна ҳам жадал тус олган. Аммо XIX аср бошларида Россия билан Қўқон хонлиги ўртасида бошланган дўстлик муҳити XIX аср ўрталарига келиб душманлик кайфияти билан алмашинади.

Ўз ватани ёки Россия билан савдо-сотиқ танлови қаршисида қолганида бир неча савдогар ва амалдорлар таассуфки, иккинчи йўлни танлаган. Уларга юрт озодлиги эмас, юриб турган савдо ва бошқа манфаатли алоқалар муҳимроқ эди. Шунинг учун ҳам Тошкентни фақат куч билан эмас, балки ички хиёнат эвазига ҳам қўлдан кетган дейиш мумкин.

Рус империясининг ўша вақтдаги қудрати ва дунё сиёсатига таъсир доираси қанчалик кенг бўлмасин, Тошкент учун сўнгги нафасигача курашган, таслим бўлмаган ва ҳатто мағлубиятдан сўнг ҳам бош эгмаган шахслар бор эди.

“Қўрқоқлик умрни қисқартирмайди, ботирлик ўлдирмайди” деганларидек, вақтинчалик нафс ёки қўрқув оқибатида Тошкентга хиёнат қилганлар ҳам, шаҳар учун жонини фидо қилганлар ҳам ўтди. Фақат фидокорларнинг исмлари фахр билан, хиёнаткорларники эса нафрат билан ёдга олинади, холос.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкентнинг босиб олиниши Қўқон хонлиги Генерал Черняев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг