Тошкентда зўравонликдан жабрланган аёлларнинг 60 фоизи қайнонасидан жабр кўради

Жамият

image

Пойтахт Тошкент ва унинг туманларида аёллар дуч келган зўрликнинг 40 фоизи эркаклар ҳиссасига тўғри келади. Бундай ҳолатларнинг 60%и эса жабр кўрганларнинг қайноналари ва қариндошлари сабаб юзага келади, дейди Тошкент шаҳар Тошкент шаҳрида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказининг директори Гулчеҳра Маткаримова.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги сайтида ёзилишича, марказ расман жорий йилнинг 29 август куни очилган. 10 октябрга қадар марказга 184 нафар аёл мурожаат қилган. Уларнинг 98 нафари психологик ёрдам мақсадида, 25 нафари тиббий ёрдам сўраб ҳамда 35 нафари ҳуқуқий ёрдам зарурати билан мурожаат қилган. Бундан ташқари, реабилитация маркази ходимларининг ҳаракати билан 17 та оилани тиклашга эришилган. 

Марказ директорининг таъкидлашича, қариндошлар томонидан зўрлик ишлатишнинг деярли барча ҳолатлари ички муаммолар билан боғлиқ.

“Эр-хотин ўртасидаги жиддий келишмовчилик сабаб, аёл боласи билан уйдан кетишга мажбур бўлади. Аксарият ҳолатда турар жой эрга ёки унинг отасига тегишли бўлганлиги сабабли аёл ўз қариндошларининг уйига қайтиб боради. Бизда жабр кўрган аёл ўз туғишган акасининг уйига борган ҳолат учраган. Ака уйланган, унинг бўйи етиб қолган фарзандлари бор. Шунда кутилмаганда синглиси қайтиб келиб, уйнинг бир қисмига эгалик қилган. Шу сабабли аканинг хотини, яъни келинойи жабрдийда аёлга қаршилик қилган. Шу жумладан, унга нисбатан жисмоний зўрлик ишлатган”, дейди Гулчеҳра Маткаримова.

Эркакларнинг аёлларга зўрлик ишлатиши жамиятнинг ўткир муаммосидир. Хотин-қизларнинг ҳаммаси ҳам ёрдам излаб мурожаат қилмайди, демакки, ушбу статистик маълумотлар катта муаммонинг бир қисми холос.

 “Бундай ҳолатларнинг аксарияти одатда бир хил бошланади: бошида ҳаммаси яхши. Кейин эркак секин-аста агрессия белгиларини намоён қила бошлайди. Ҳаммаси майда гаплардан бошланади: масалан, аёл эрининг телефон қўнғироқлари ва  смс хабарларини текширишни бошлайди. Кейин йигит қизга арзимаган баҳона билан қўл кўтаради. Аёл индамай, бундай ҳаракатларни табиий қабул қилади. Сўнг эса бу одатга айланади, эр аёлига нисбатан жисмоний зўрликни ҳамда маънавий босимни кучайтиради”, дейди жабр кўрган аёлларнинг маънавий-руҳий ҳолатини тиклаш билан шуғулланувчи психотерапевт.

“Мен болалигимдан отам онамга қўл кўтарганини кўриб келганман, шунинг учун эркакнинг аёлга зўрлик ишлатиши қандайдир ёмон ҳолат эканлигини тасаввур ҳам қилмаганман”.  Оилавий зўрлик сабаб марказга келган қизнинг бу сўзларини табиий қабул қилиш учун  эмас, хулоса чиқариш учун келтираяпмиз.

Ҳокимлик Матбуот хизмати ўзининг қадрдон инсонидан жабр кўрган қиз билан мулоқот қилган. Қиз 19 ёшда, ўзини дадил тутиб, унга ҳеч нарса бўлмагандай ўтирди. Бироқ марказ директорининг сўзларига қараганда, бошида бунинг мутлақо акси бўлган. 1,5 ой аввал қизнинг ота-онаси марказга мурожаат қилганида, у руҳан тушкун, қийин аҳволда эди.

Суҳбат қизнинг даволовчи психологи иштирокида бўлиб ўтган. “Болалигимда етказилган руҳий зарар сабабли, кўнгил қўйган йигитим ҳам бундай муносабат қилишига йўл қўйдим”. Қизнинг сўзларига кўра, у йигит билан танишганида 17 ёшда, йигит эса 19 ёшда бўлган. Улар ишда танишишган. Бошида у қизни севган, эркалаган. Кейин у қизнинг уйида онасига нисбатан отаси зўрлик қилишидан хабардор бўлиб қолган.

“Нима учун билмадим, лекин йигитим оиламдаги шароитни билганидан кейин, менга турли йўллар билан маънавий босим ўтказа бошлади, кўп ўтмай қўл кўтарди. Унга ижтимоий тармоқларда борлигим ёқмасди. Менинг ўқигим ва ишлагим келарди, унга фикрим ёқмасди. У мендан уйда ўтиришимни талаб қиларди. У сабаб-бесабаб юзимга мушт тушширарди. Сочларимдан тортиб урарди. Белимга зарб билан урганининг излари ҳозиргача сақланиб қолган”.

Нега қиз бундай ҳолатни аввалроқ ота-онасига айтиб бермади деган саволга у ота-онаси йигитга ёки йигит унинг оиласига жабр етказишидан қўрққанлигини айтди.

“У билан орани очиқ қилмоқчилигим ҳақида айтганимда у мени дўппослаб урди. Кейин ота-онам ёки сингилларимга бирон нарса айтсам, уларни ўлдиришини айтиб қўрқитди. Мен ундан қўрқардим” дейди жабрдийда қиз.

Она қизининг калтакланаётганидан хабар топганидан кейин қиз реабилитация марказига тушган. У қизини прокуратурага олиб борган ва у ерда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари уни сўроқ қилишган. Сўнг қизни хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига жўнатишган. Марказда унга максимал даражада психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам берилган. Қиз бир ярим ойдан бери реабилитация марказида бўлиб, ҳозирги ҳолати аввалгидан анча яхши, унинг ўзига нисбатан ишончи ортган.

“Менга бу ер жуда ёқди. Мен билан ишлаган шифокор руҳий аҳволим яхшиланишига ва  яшашга куч топишимга ёрдам берди. Мен университетда ўқимоқчиман. Ишга кирмоқчиман ва шундан кейин, назаримда, муносиб инсонни учратаман. Мен билан рўй берган даҳшат қайтарилишига бошқа йўл қўймайман”, деб мақсадлари билан бўлишди қиз.

Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази Чилонзор тумани, Дилхуш кўчаси, 38-уйда жойлашган. Республика марказининг шаҳар бўлимида куну тун ишлайдиган бўлим бўлиб, у ерга аёллар аноним равишда 1169 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш орқали мурожаат қилишлари мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Зўравонлик Қайнона

Баҳолаганлар

228

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг