Тошкентда Ўзсаноатқурилишбанкнинг ўқув ва IT марказлари очилди
Бизнес
−
15 Июль 2022
6629Ўзсаноатқурилишбанк томонидан янгича қиёфа ва янги иш услубида Ўқув ва IT марказлар фаолияти йўлга қўйилди. Бунда ходимлар учун хавфсиз ва замонавий меҳнат шароитларини яратиш билан бирга қулай ижодий муҳитни ҳозирлаш мақсади илгари сурилди.
2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясида кадрлар салоҳиятини ошириш, хусусан, кадрларни бошқаришнинг корпоратив стратегиясини такомиллаштириш, кадрларни узлуксиз ўқитиш тизимини жорий этиш, бунда етакчи хорижий банклар ва консультантлар билан ҳамкорлик қилиш масалалари алоҳида ўрин олган.
Шунингдек, стратегияга кўра, Банк тизимига замонавий сервис ечимлари асосида ахборот ва молиявий технологияларни кенг жорий этиш, ахборот хавфсизлигини лозим даражада таъминлаш, онлайн хизмат кўрсатишга асосланган турли дастурий таъминотлар яратиш талаб этилмоқда.
Шу боис Ўзсаноатқурилишбанк тизимида ушбу икки йўналишга катта эътибор қаратилган ҳолда янги мақсад ва вазифалар билан замонавий услубда Ўқув ва IT марказлар иш бошлади.
“Тараққиётнинг ҳар босқичида инсон омили ўз долзарблигини йўқотмай келмоқда. Ҳатто, бугунги рақамлаштириш жараёнида ҳам ҳар қандай янгилик бевосита кадрлар кучи билан юзага келмоқда. Шунинг учун банк тизимини трансформация қилиш жараёнида ушбу икки йўналишда ҳам бошқарув тизими ва шарт-шароитларни анчайин такомиллаштиришга ҳаракат қилдик”, дейди очилиш маросимида сўз олган “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқарув раиси Сахи Аннакличев.
Бинонинг биринчи қаватида Ўқув маркази, иккинчи қаватида эса IT марказ ўрин олган бўлиб, ҳар икки қават ҳам замонавий архитектура услубида барпо этилган. Хоналар кўркам мебель, инвентар жиҳозлар ҳамда технологик воситалар билан жиҳозланган. Спорт-соғломлаштириш хонаси ташкил этилган.
Ўқув маркази ўқитувчилар хонаси, маърузалар зали, мингдан зиёд китоб фондига эга кутубхона кабилардан таркиб топган бўлса, IT марказда дастурчилар, менежерлар, сервер хоналаридан ташқари, музокаралар ўтказиш хоналари ҳам ўрин олган.
“Ўқув марказининг асосий мақсади банк ходимларининг касбий тайёргарлик даражасини ошириш, стратегик ва операцион мақсадларга эришиш учун зарур бўлган ходимларни доимий равишда такомиллаштириш механизмларини жорий этишдан иборат. Бундан ташқари, банк ходимларини ички ва ташқи тайёрлаш тизими ривожлантирилади, масофавий таълим тизими кенгайтирилади, ходимларни баҳолаш тизими ишлаб чиқилади. Маҳаллий ва хорижий олий ўқув юртлари ҳамда қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда турли ўқув дастурлари бўйича илмий-амалий семинар ва тренинглар ташкил этилади”, дейди “Ўзсаноатқурилишбанк”АТБ Ўқув маркази раҳбари Озода Саидкаримова.
Бундан ташқари, ходимларни бир жамоа бўлиб ишлашга, жамоадаги психологик муҳитни янада яхшилашга ҳамда уларнинг ишга ва янги лавозимларга мослашувини тезлаштиришга хизмат қилувчи дастурлар ишлаб чиқилади. Уларда “soft skills” ва “hard skills” кўникмалари янада ривожлантирилади.
“Тузилмамиз ходимлари фаолияти асосан дастурлаш, иловалар яратиш, банк бизнес жараёнларини рақамлаштириш ва мижозлар учун янги рақамли хизматларни яратишга қаратилганлиги боис, улар учун ҳар томонлама қулай ижодий муҳит яратиш муҳим ҳисобланади. Эндиликда IT марказда дастурчилар гуруҳидан иборат мутахассисларимиз замонавий ва иш шароити ўзига хос дизайнга эга муҳитда фаолият юритади. Бу, ўз навбатида, бугунги кунда Банк бизнес моделини автоматлаштириш жараёнида зиммамиздаги вазифаларни ўз вақтида ва самарали бажаришимизда муҳим роль ўйнайди”, дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Ахборот технологиялари департаменти директори Аброр Кенжаев.
IT марказда бир нечта “Agile” гуруҳлари ҳам фаолият юритади. Улар банк тизимида жорий қилинаётган янги лойиҳалар ва хизматларни ишга туширишда кўмаклашиш баробарида, ўзлари ҳам муассасанинг стратегик вазифаларидан келиб чиқиб дастурий маҳсулотлар яратади.
Хусусан, бугунги кунда гуруҳ аъзолари CRM дастурини ишлаб чиқиш, кредит конвейерини амалиётга татбиқ этиш, "риск" моделини қайта тайёрлаш каби лойиҳалар устида иш олиб бормоқда.
Банк Ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси