Танасига арматура кириб кетган бола операциядан кейин ҳаётга қайтди
Жамият
−
05 Февраль 2022
21810Яқинда ижтимоий тармоқларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассислари томонидан ўтказилган мураккаб операция жараёни лавҳалари тарқалди. Ушбу видеотасвирларда ёш йигитнинг бахтсиз ҳодиса сабаб жиддий жароҳат олгани, тиббиёт ходимлари унинг танасига кириб кетган арматура бўлагини мураккаб жарроҳлик йўли билан чиқариб, беморнинг ҳаётини сақлаб қолгани акс этган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур жарроҳлик амалиёти ва бемор боланинг аҳволи ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 20 декабрь куни соат 11:00 ларда 2005 йилда туғилган Р.С. оғир ва хушсиз ҳолда шифохонага олиб келинган.
Маълум бўлишича, бемор танасига қурилиш жараёнида иккинчи қаватдан йиқилиб тушиши оқибатида диаметри 15 мм.лик иккита арматура бўлаги кириб кетган. Шундан сўнг у зудлик билан “Тез ёрдам” машинасида шифохонага олиб келинган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қабул бўлимида бир қанча мутахассислар кўригидан сўнг беморнинг бош мия, бўйин, кўкрак ва бел-умуртқа соҳалари, кўкрак қафаси, қорин бўшлиғи аъзолари МСКТ қилинган. Шунингдек, қорин бўшлиғи ва кўкрак қафаси ультратовуш текширувидан ўтказилган.
“Металл парчаси бемор кўкрак қафасининг ўнг орқа юзаси, 7 ва 9-қовурғалари орасидан кириб, 6-кўкрак умуртқасини тешиб ўтган ва орқа мия эзилишига сабаб бўлган. Сўнгра ўнг ўмровости артерияси тагидан ўтиб, бош суяги мия асосининг ўрта чуқурчасини тешиб кирган”, дейди ушбу марказ директори Дониёр Алимов.
Шифокорга кўра, бош мия ўрта даражада лат еган. Бундан ташқари, ўнг чакка суяги ва орқа миянинг очиқ, тешиб ўтган жароҳати, 6-кўкрак умуртқасининг майдаланиб синиши каби ўта оғир шикастланишлар бемор ҳаётига хавф солиб турган эди.
ССВнинг таъкидлашича, шу сабабли марказнинг кардиохирург, нейрохирург, торокал ва умумий жарроҳ, травматолог, анестезиолог ва реаниматолог каби 10 дан ортиқ энг малакали мутахассислари томонидан 5 соатдан зиёд вақт давомида амалиётда кам учрайдиган мураккаб жарроҳлик операцияси муваффақиятли ўтказилган. Натижада беморнинг ҳаёти сақлаб қолинди.
“Бу бахтсиз ҳодиса ҳақида эшитганимда ўзимни йўқотиб қўйдим. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Боламнинг ҳаётини сақлаб қолган шифокорлардан бутун умр миннатдорман”, дейди беморнинг онаси Р.Ражабова.
Ҳозир унинг аҳволи қониқарли, гемодинамик кўрсаткичлари барқарор бўлиб, муолажа жараёнлари давом эттирилмоқда.
LiveБарчаси