Тошкентда Россия ва Марказий Осиё давлатлари афғон муаммоси бўйича муҳим баёнот қабул қилди
Жамият
−
16 Июль 2021
8047Бугун, 16 июль куни Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция доирасида ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг “Марказий Осиё – Россия” шаклидаги тўртинчи учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, тадбирда Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, шунингдек, Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Нуран Ниязалиев иштирок этган.
“Учрашувда томонлар Афғонистондаги бугунги вазиятни муҳокама қилди, шунингдек халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, томонлар йиғин якунида Афғонистондаги вазият бўйича баёнот қабул қилган.
“Афғонистонда кенг қамровли ва барқарор тинчликка фақат афғон халқи раҳбарлиги остида ва Афғонистонни тиклашда давлатлар ҳамда халқаро тузилмаларнинг янада фаол ёрдами билан афғонларнинг ўзлари ўртасида сиёсий келишув бўйича тўғридан-тўғри инклюзив музокаралар орқали эришиш мумкинлигига аминмиз.
Биз узоқ муддатли урушни тўхтатиш ва Афғонистонни тинч, мустақил ва суверен давлат сифатида барпо этиш бўйича мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқиш учун расмий Кобул ва “Толибон” ҳаракати ўртасида конструктив музокаралар олиб борилишидан умидвормиз”, дейилади баёнотда.
Қабул қилинган баёнотда томонлар Афғонистон муаммосига ечим топишга қаратилган барча сиёсий майдончалар аҳамиятини юқори баҳолади.
“Шу муносабат билан, биз барча мулоқот майдончалари, шу жумладан Истанбул жараёни, “Осиё юраги – Истанбул жараёни” 9-вазирлар конференцияси (2021 йил 30 март, Душанбе), кенгайтирилган “учлик” (Россия, АҚШ, Хитой ва Покистон) ва Москва форматини ҳисобга олган ҳолда Афғонистон бўйича маслаҳатлашувлар доирасида Афғонистон Ислом Республикасида миллий ярашиш бўйича саъй-ҳаракатларни олқишлаймиз”, дейилади баёнотда.
Шу билан бирга, йиғилиш қатнашчилари 2017 йили Ашхободда бўлиб ўтган конференция натижаларига ҳам эътибор қаратган.
“Биз Афғонистонни дунё иқтисодий алоқалари тизимига фаол қўшилишга қаратилган RECCA VII (2017 йил 14-15 ноябрь, Ашхобод) бўйича минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг еттинчи конференцияси натижаларининг амалий аҳамияти ва самарадорлигини алоҳида таъкидлаймиз”, дея қайд этилган баёнотда.
Қайд этилишича, Марказий Осиё ва Россия Ташқи ишлар вазирлари 2018 йилги Тошкент конференциясида қабул қилинган ташаббусларнинг муҳимлигини тан олган.
“Биз Афғонистон бўйича Тошкент конференциясида (27.03.2018) ишлаб чиқилган умумий ёндашувларга мувофиқ Афғонистон Ислом Республикасининг ижтимоий-иқтисодий тузилишини тиклашга ва ушбу мамлакатни минтақавий иқтисодий жараёнларга қўшилишга қаратилган ташаббуслар ва қадамларни давом эттириш муҳимлигини тан оламиз”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, ҳужжатда Афғонистонда мавжуд бўлган ва фаолият олиб бораётган террорчилик гуруҳлари қатъиян қораланган.
“Тинч аҳоли қурбон бўлган Афғонистондаги террористик ҳужумларни қатъиян қоралаймиз. Ироқ ва Шом исломий давлати (ИШИД), “Ал-Қоида” ва бошқа халқаро террорчилик гуруҳларнинг доимий мавжудлиги ва фаолияти Афғонистон Ислом Республикаси, шу жумладан, мамлакатнинг бир қатор шимолий вилоятларда вазият беқарорлигининг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади”, дейилади баёнотда.
Бундан ташқари, Афғонистонда етиштирилаётган гиёҳвандлик экинлари ва қурол-яроғнинг ноқонуний савдоси бўйича хавотир билдирилган.
“Террористик гуруҳларнинг асосий даромад манбаларидан бири бўлган Афғонистонда гиёҳвандлик экинларининг етиштирилиши, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришнинг юқори даражаси ва қурол-яроғнинг ноқонуний савдоси бизни хавотирга солмоқда ва биз Афғонистон Ислом Республикаси ҳукуматидан ушбу таҳдидга қарши курашни кучайтиришини кутмоқдамиз”, дея қайд этилган ҳужжатда.
Шунингдек, вазирлар БМТнинг Афғонистонга ёрдам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини эътироф этган.
“Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистон Ислом Республикаси ҳукумати ва халқига ёрдам бериш борасидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этамиз ва ушбу фаолиятини қўллаб-қувватлашимизни билдирамиз”, дейилади баёнотда.
LiveБарчаси