Тошкентда номзоддан 3 000 доллар сўраган туман кенгаши депутати ушланди
Жамият
−
01 Октябрь 2020
7381Тошкент шаҳрида Халқ депутатлари туман кенгашларидан бирининг депутати бўшаб қолган жойлар учун туман кенгаши депутатлигига сайланишда ёрдам беришни ваъда қилиб, бир фуқародан 3000 доллар сўраган.
“Ўзбекистон 24” телеканали лавҳасида маълум қилишинича, мазкур депутат аванс сифатида 1500 доллар олган вақтида ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.
Бундан ташқари, Сирдарё вилояти Боёвут туманида истиқомат қилувчи, ҳозирда ҳеч қаерда ишламайдиган 18 ёшли фуқаро Гулистон шаҳрида яшовчи ўзининг 17 ёшли жиноий шериги билан бирга бир фуқаронинг ишончига кириб, уни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида жойлашган Мухтор Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бу хизмати эвазига жиноий шериклар 2000 доллар олган вақтда ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.
Ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари Андижонда ҳам кузатилган.
Андижон вилояти Избоскан туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган шахс Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони Қирғизистоннинг Ўш давлат университети тиббиёт факультетига ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бунинг эвазига 23 ёшли фуқаро 1350 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Самарқанд вилояти Булунғур тумани тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникаси ходими 1200 доллар эвазига туман тиббиёт бирлашмасига фаррошликка ишга киришида ёрдам беришини айтган. Марказий поликлиника ходими дастлаб 400 доллар олган. Орадан бир оз муддат ўтиб, поликлиника ходими яна 800 доллар олаётган вақтида қўлга олинган.
Жиззах вилояти Бахмал туманида икки марта судланган фуқаро маҳаллий фермер хўжаликларидан бирининг раҳбаридан жорий йилги пахта теримига хўжалик номидан ўзи ёлланма ишчиларни топиб, жўнатиб беришни айтиб, бунинг учун 6 миллион сўм талаб қилган. Судланган фуқаро агар фермер ушбу пулни бермаса, у ҳокимиятда ишлайдиган танишлари орқали мазкур фермер хўжалиги ерларини олиб қўйиш билан таҳдид қилган. Айтилган пулдан 5 миллион сўмни олаётган вақтида ДХХ ва департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда ушбу аниқланган ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси