Тошкентда “качеля” учмоқчи бўлган бола бахтсиз ҳодиса қурбони бўлди
Жамият
−
20 Апрель 2021
13043Жорий йил 17 апрель куни Тошкентда 8 ёшли боланинг устига темир сирпанчиқ тушиб кетган. Натижада у воқеа жойида вафот этган. Бу ҳақда марҳумнинг отаси Бош прокуратура ва Президент Администрациясига йўллаган очиқ хатида айтмоқда.
Ҳодиса Тошкентнинг Сувсоз даҳасидаги кўп қаватли уйларнинг орасида жойлашган болалар майдончасида содир бўлган.
Маълум қилинишича, болалар майдончасида таъмирлаш ишлари олиб борилган ва ободонлаштириш бошқармаси ходимлари болалар майдончасининг таъмирланаётган қисмини тўсиб қўймаган, яъни таъмирлаш ишлари хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасдан олиб борилган.
17 апрель куни бола майдончада ўйнаб юриб, сирпанчиқнинг қотирилмаган устунига беҳосдан тегиб кетиши натижасида темир устун устига ағдарилиб кетган.
Марҳумнинг отаси маҳалла вакиллари қурилиш ишларида хавфсизлик чораларини кўрмаганини айтмоқда. Унинг таъкидлашича, тўсиқ қўйилмаган мазкур ҳудудда хавфсизлик ёки тартибни сақлаш учун масъул шахслар бўлмаган, натижада ҳар қандай бола ўйин майдончасига кириши мумкин бўлган.
Марҳум боланинг оила аъзолари Бош прокуратура ва Президент Администрациясидан қурилиш ва таъмирлаш ишларига масъул бўлган шахсларга нисбатан тегишли чора кўришни сўрамоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизматига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, қатор экспертизалар, жумладан, суд-тиббиёт ва суд қурилиш-техник экспертизаси тайинланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь