Тошкентда қизчаларнинг зирагини ечиб кетаётган аёл ушланди

Жамият

image

Фарғона вилоятида содир этган жинояти учун қидирувга берилган аёл Тошкент шаҳрида қўлга олинди. Ёш қизчаларнинг зиракларини алдов орқали ечиб, кун кечирган аёлнинг Тошкентда амалга оширган найранглари тезда фош этилди.

Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати берган маълумотга кўра, аёлнинг пойтахтдаги ўлжаси Учтепа туманидаги мактаблардан бирида таълим олувчи 2-синф ўқувчиси М. бўлган. М. жорий йилнинг 3 апрель куни соат тахминан 13:30 да дугонаси билан уйга қайтаётганда Чилонзор тумани 22-мавзесида уларнинг ортидан келаётган аёл қизчаларни автомобиллардан эҳтиёт бўлишга чақирган ва катта йўлдан ўтказиб қўйган.

Аёл қизчалардан оддий нарса сўраб уларни гапга солган, сўнг ўқувчиларнинг қулоғидаги зираги тушиб қолаётганини айтиб, уни ечиб, қизчанинг сумкасига солиб қўяётгандек кўринган ва зиракларни ўғирлаб кетган.

Қизча сумкасидан зирагини топа олмагач, унинг яқинлари 102 га хабар берган. Ҳолат юзасидан тезкор гуруҳ тузилиб, қизчалар ҳаракатланган йўл бўйидаги кузатув камералари кўздан кечирилганда, аёл ўқувчи қизлар билан суҳбатлашгч, таксига ўтириб, кетгани маълум бўлади.

Такси ҳайдовчиси топилиб, аёл ҳақида суриштирилганда, у 1989 йилда туғилган, Фарғона вилоятида яшовчи Маҳлиё Барзиева экани аниқланган. Қидирув ишлари давомида Маҳлиё Барзиева Тошкент вилояти Зангиота туманида ҳам шунга ўхшаш жиноят содир этгани маълум бўлган. Аёл қўлга олиниб, навбатчилик қимига олиб келинган.

Қайд этилишича, Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида истиқомат қилган ушбу аёл илгари ҳам шундай жиноят содир этгани учун бир неча марта судланган, бироқ қарамоғида ёш боласи бўлгани учун енгил жазо берилган.

Маҳлиё Барзиеванинг сўзларига кўра, у 2018 йилнинг октябрь ойида Олтиариқ туманида бир қизчанинг қулоғидаги сирғасини олгани учун тергов қилинган. Судга чақирилганда эса бормай Тошкентга қочиб кетган. Аммо Тошкентда ҳам қинғирлигини ташламаган.

Маҳлиё Барзиевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-модадси 3-қисми “а” банди (ўғрилик) билан айб эълон қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

ўғрилик зирак

Баҳолаганлар

192

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг