Тошкентда эркак 6 ёшли қизчага тегажоғлик қилди. Суд эса видеони тарқатганларни жазоламоқчи

3-саҳифа 20557
image

Тошкент шаҳар Юнусобод туманида эркак 6 ёшли қизчани алдаб унга тегажоғлик қилди. Бу ҳақда Nemolchi.uz ёзмоқда.

Шунингдек, постга кўп қаватли уйнинг кузатув камераларига тушиб қолган тасвирлар ва эркакнинг қўлга олингани ҳақидаги видеолар илова қилинган. Видеодан маълум бўлишича, 6 ёшли қиз уйи яқинида дўсти билан ўйнаб, мушукни қидириб юрган маҳал эркак қизалоққа мушук шу эрда эканлигини айтиб, уни алдайди. Кейинроқ боланинг айтишича, кўп қаватли уйнинг “подезд”ида эркак унга тегажоғлик қилган.

Шундан сўнг, жабрланувчининг онаси дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилган.

Кеча, 8 ноябрь куни Тошкент шаҳар судлари мазкур ҳолат бўйича расмий муносабат билан чиқди.

Муносабатда ёзилишича, 2022 йил 11 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судига Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми ва 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 1-қисми билан Р. Ш. га нисбатан бўлган жиноят иши судья О. Ҳайитовнинг иш юритувига келиб тушган.

“Мазкур суд муҳокамаси 17 октябрдаги тайинлаш ажрими билан 26 октябрь кунига ёпиқ суд мажлисида кўриш учун тайинланиб, ёпиқ суд мажлисида ишни кўриш бошланган", дейилган расмий муносабатда.

Бироқ, суд ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган Р. Ш. га нисбатан бўлган жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўрилаётганлиги, суд ҳали ўзининг якуний қарорини эълон қилмасдан туриб, тергов ҳаракатлари жараёни видеотасвирлари ошкор қилинганлиги, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши мумкинлигини айтиб, видеонинг тарқалиши суднинг ишни холисона кўриб чиқишига тўсқинлик қилиш учун ўтказилаётган босим сифатида баҳоланишини келтирган. 

Шунингдек, муносабатда суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг рухсатисиз ошкор қилиш Жиноят кодексининг 239-моддаси (суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини ошкор қилиш) да кўрсатилган жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши маълум қилинган. 

“Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасига биноан “гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади”, шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига кўра, суднинг қонуний кучга кирган қарорлари жиноят процесси иштирокчиларининг розилиги билан ёки шахсини кўрсатмаган тарзда суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши мумкин, бундан ёпиқ суд мажлисларида кўрилган ишлар бўйича суд қарорлари мустасно”, деб белгилаб қўйилганини эслатган Тошкент шаҳар судлари. 

Шунингдек, тергов ҳаракатлари бўйича қўшимча маълумот суд жараёни якунида берилилиши қўшимча қилинган.

Ҳулкар Муртазоева
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 571
Рейтинг: 3.1
t
×