Тошкентда 16 ёшли қиз ҳайдовчининг бўйнига пичоқ тортди

Жамият

image

Тошкентда ҳайдовчининг бўйнига пичоқ билан бир неча марта зарба берган қиз қўлга олинди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, шаҳарда кира қилмоқчи бўлган Spark ҳайдовчиси йўлда учраган йўловчини машинасига ўтказган.. Манзилига етай деганда орқа ўриндиқда ўтирган йўловчи қиз ҳайдовчининг бўйнига пичоқ тортган.

Хадра томондан Халқлар дўстлигига қараб ҳаракатланиб келаётгандим. Бекатда бир қиз такси тўхтатиб турган экан. Олдига бориб тўхтадим ва қаерга боришини сўрадим. Бир бекат нарига — метрогача, деди. Айнан қайси метро, йўлимизда иккита бекат чиқади, деб сўрадим. Мана шу биринчи бекат, деди. Хўп деб, машинага чиқардим. Нарх-навосини ҳам гаплашмадик.

300–350 метрдан кейин чорраҳа яқинлашди, олдимда 84-автобус бор экан. Шу автобус билан орқама-кетин юриб келдик. Автобус ўнг томонга ҳаракатланиб, бекат томон кираётганда мен ҳам секинлашиб, "поворотник"ни ёқдим. Орқада ўтирган қизни бекатда туширмоқчи бўлиб секинлашганимда бирданига пичоқ тортиб қолди.

Аввал бўйним ачишгандай бўлди, нима бўлаётганини тушунмадим. Кейин бошқарувни йўқотиб, автобуснинг орқасига бориб урилдим. Машинадан тушиб, бекатдаги одамлардан ёрдам сўрадим. Қиз эса пичоқ тирашда давом этди. 10 секундларда ўзимга келиб олганимдан сўнг қарасам, ҳеч ким ёрдам бермаяпти. Қизнинг қўлини қайириб, одамлардан “102”га қўнғироқ қилишини сўрадим.

Айрим одамлар буни нотўғри тушуниб, бу қизга нега озор беряпсан, деди. Кейин бўйнимни кўрсатиб, мана, пичоқ тортиб юборди. Илтимос, ёрдам беринглар, деганимдан кейин ҳамма қизни ўраб олди. “102”га телефон қилишди”, дейди ҳайдовчи.

Қиз эса ҳайдовчи унга тегажоғлик қилганини айтган. Шунинг учун, у бундан қўрқиб, унга пичоқ тираган.

“Дарҳол пичоқни олиб, бўйнига тирадим. Уни тўғри ушлаганманми ёки йўқ, буни билмайман. Уни шунчаки қўрқитмоқчи эдим. Кескин ҳаракат қилган пайти тегиб кетган бўлиши мумкин. Лекин унга пичоқни қаттиқ тирадимми ёки йўқ, билмайман, тўғриси.

Машинадан биринчи у тушди. Кейин эса мен унга йўқол-йўқол, дедим. Бирор нима қилиб қўйишидан қўрқдим... У усталар ишлатадиган пичоқ эди”, дейди йўловчи қиз.

Хабарга кўра, ҳозирда воқеа юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

2842

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг