Тошкент ерусти метросининг қолган учта босқичи қачон ишга тушиши айтилди

Жамият 8267
image

Хабарингиз бор, 6 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент ерусти ҳалқа метросининг иккинчи босқичи қурилиши билан танишиш чоғида жамоат транспорти тармоғини кенгайтириш ва метрополитен инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Бугун, 13 июнь куни ушбу ишларни ташкил этишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Давлат раҳбарига қурилаётган ерусти ҳалқа метросининг иккинчи босқичини давом эттириб, Сергели йўналиши билан боғлаш, замонавий қурилиш услубларини татбиқ этиш, метро поездларини янгилаш, йўловчи оқимини янада ошириш режалари ҳақида ахборот берилди.

Маълумки, ерусти метросининг иккинчи босқичи доирасида бешта бекат шу йил якунида ва қолган иккитаси келгуси йил Наврўзда ишга тушириш мўлжалланган. Бу орқали 62 та маҳалладаги 250 мингга яқин аҳоли метрополитен билан қамраб олинади.

Давлат раҳбари барча йўлларда инсонларга қулайлик ва хавфсизлик биринчи ўринда бўлиши лозимлигини таъкидлади. Метрополитен учун 14 та янги поезд олиб келиш, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2022-2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Инновацион ёндашувларни кенг қўллаган ҳолда метрополитенни комплекс ривожлантириш ҳамда Транспорт универститети билан биргаликда профессионал кадрлар тайёрлаш учун хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Қайд этилишича, Тошкентда жамоат транспорти етиб бормаган 26 та маҳаллага автобус йўналишлари очилиб, метро билан боғланади. Бунинг учун қўшимча электробуслар харид қилинади.

Ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент вилоятидан пойтахтга кунига 1 миллиондан зиёд йўловчи кириб келади. Уларни метро бекатларига йўналтириб, ҳам аҳолига, ҳам транспортларга енгиллик яратиш зарурлиги айтилди.

Замонавий электропоездлар келтириб, “Тошкент – Хожикент”, “Тошкент – Бекобод” ва “Тошкент – Ангрен” йўналишида тезюрар қатнов йўлга қўйилиши белгиланди.

Янги метрополитен йўналиши бўйида жойлашган маҳаллаларни ободонлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Лойиҳаларни такомиллаштириб, қарор лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 315
Рейтинг: 3
t
×