Тошкент шаҳри ва вилоятида ўқишни кўчириб беришни ваъда қилганлар ушланди

3-саҳифа 2662
image

Тошкент шаҳрида фуқаронинг ўқишини Қирғизистон Республикасидан Тошкент тиббиёт академиясига кўчириб бериш эвазига 8 000 АҚШ доллари олган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, фуқаро Ф.П. бошқа бир фуқаро Г.М.дан таниши С.М.ни Қирғизистондан Тошкент тиббиёт академиясига ўқишини кўчириб бериш эвазига 8 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, департаментнинг Юнусобод тумани бўлими ва ДХХ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. 

Унда фуқаро Ш.С. бошқа бир фуқаро А.ни танишлари орқали Қирғизистон Халқаро университетининг 3-курсини тугатганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрлаб, Ўзбекистон Олий таълим муассасаларидан бирига 7 000 доллар эвазига кўчиртириб беришга келишгани аниқланган.

Фуқаро Ш.С. келишилган маблағдан 3 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Паркент тумани бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Е.И. фуқаро Б.нинг ўқишини Қозоғистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасидаги университетга кўчириб бериш эвазига 1 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 52
Рейтинг: 3.1
t
×