Тошкент иссиқлик тизимини бошқариш Франция компаниясига берилади
Жамият
−
02 Август 2021
4988Бугун, 2 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш лойиҳаси тақдимоти билан танишди.
Иссиқлик таъминоти ҳаёт сифатини таъминлайдиган омиллардан бири. Мамлакатда бу тизимни такомиллаштириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки билан ҳамкорликда Андижон, Бухоро, Самарқанд, Чирчиқ шаҳарларидаги марказлашган иссиқлик таъминоти тармоқлари реконструкция қилинмоқда. Жорий йилдан бошлаб, Нукус, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қарши, Навоий, Наманган, Самарқанд, Термиз, Гулистон, Урганч, Фарғона, Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатиш бошқарув-сервис компанияларига ўтказилмоқда.
Тошкент аҳоли сони жиҳатидан ҳам, иссиқлик тармоқларининг кўлами бўйича ҳам мамлакатимизнинг энг катта шаҳридир. Бу ерда 9 минг 165 та кўп қаватли уй, 3 минг 475 та ижтимоий объект марказлашган иссиқлик таъминотига уланган. Лекин, магистрал ва тарқатиш тармоқларнинг 72 фоизи, марказий қозонхоналарнинг ҳаммаси, маҳаллий қозонхоналарнинг 90 фоизи эскирган.
Бу харажатларнинг ҳаддан зиёд ортиб, хизмат сифати пасайишига сабаб бўлмоқда. Масалан, ўтган йили иссиқлик энергияси йўқотилиши 44 фоизни, пулга чаққанда, 630 миллиард сўмни ташкил этган. Бунинг учун 460 миллион куб метр табиий газ, 55 миллион куб метр ичимлик суви, 154 миллион киловат электр энергияси ортиқча сарфланган.
Оқибатда “Тошиссиққуввати” давлат унитар корхонасининг кредитор қарздорлиги юқорилигича қолмоқда. Хизмат сифати пастлиги аҳолининг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Шу боис 2019 йил 2 декабрда “Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилиниб, тизимда бозор тамойиллари ва давлат-хусусий шерикликни жорий этиш бўйича вазифалар белгиланган эди.
Ўтган даврда бу борада лойиҳа концепцияси тайёрланиб, таклифлар олиш учун танлов эълон қилинди. Осиё тараққиёт банкининг хулосасига кўра, Франциянинг “Veolia” компаниясининг лойиҳаси энг самарадор деб топилди. Бу компания Польша, Чехия, Руминия, Литва, Германиядаги шаҳарларда иссиқлик тизимини бошқариш тажрибасига эга.
Шу кунларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан компания ўртасида хусусий шериклик шартномаси имзоланиши кутилмоқда.
Лойиҳага кўра, “Veolia” компанияси томонидан 315 миллион евро, лойиҳа даврида олинадиган даромад ҳисобидан 1 миллиард 80 миллион евро йўналтирилиши кўзда тутилган.
Бу маблағлар эвазига 181 та иссиқлик қозонхонаси модернизация қилиниши, 28 мингта иссиқлик пункти ўрнатилиши, 841 километр тармоқ реконструкция қилиниб, 576 километр тармоқ янгидан қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, 391 та махсус автомашина ва бошқа ускуналар сотиб олинади. Халқаро даражадаги техник аудит ва биллинг тизими жорий этилади.
Тақдимотда, аввало, иссиқлик таъминоти хизматларини хусусий шериклик асосида ташкил этиш методологиясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Президент таклиф этилаётган лойиҳани Тошкент шаҳридаги мавзелардан бирида намуна сифатида жорий этиб, самарадорлигини тажрибадан ўтказиш, ҳар томонлама чуқур ўйлаб, қарор қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.
Бошқарувга беришдан олдин “Тошиссиққуввати” давлат унитар корхонасига тегишли мол-мулк ва бинолар хатловдан, кўп қаватли уйларнинг иссиқлик таъминоти тизимлари техник ва энергетик аудитдан ўтказилиши белгиланди.
Лойиҳани амалга ошириш учун Иссиқлик тизимини ривожлантириш жамғармаси ташкил қилиш бўйича кўрсатма берилди. Лойиҳа доирасида олинган соф фойданинг 10 фоиздан ошган қисми мазкур жамғармага ўтказиб борилади.
Махсус техника, ускуна ва материалларни давлат харидлари тўғрисидаги қонунга асосан очиқ тендер орқали, мақбул нархларда сотиб олиш кераклиги қайд этилди.
“Veolia” компанияси билан бирга маҳаллий мутахассислар малакасини оширишни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
LiveБарчаси