Баъзи қоидабузарликлар учун жаримани кўпайтириб, “тонировка” учун жазони камайтириш таклиф этилмоқда
Жамият
−
09 Июль
4796Ўзбекистонда "тонировка" учун жаримани камайтириб, пиёдани ҳаётига хавф туғдирувчи қоидабузарлик учун жарималарни кўпайтириш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Стратегик ислоҳотлар агентлиги маълум қилди.
Билдирилишича, агентлик томонидан маъмурий чоралар ва уларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблиги ўрганилиб, бугунги кунда маъмурий жарималар миқдорини белгилаш механизмларининг йўқлиги содир этилган ҳуқуқбузарликка номутаносиб бўлган жарима солинишига сабаб бўлаётгани аниқланган.
"Ушбу йўналиш тартибга солинмаганлиги боис манфаатдор давлат органлари томонидан жарималар миқдорини қайта кўриб чиқишга доир қонун лойиҳаларини ташаббускорлик билан ишлаб чиқиш ҳолатлари кўпайиб кетди", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, автомобиль ойналарини рухсатномасиз қорайтирганлик учун назарда тутилган 8,5 млн сўмлик жарима белгиланганда, рухсатноманинг нархи 11-13 млн сўм бўлган. Бугунги кунда рухсатнома 2,7 млн сўм этиб белгиланган, аммо жарима миқдори эса ўзгаришсиз қолмоқда. Таққослаш учун, Қозоғистонда автомобиль ойнасини қорайтирганлик учун ўрнатилган жарима 468 минг сўмни, Россияда – 60 минг сўмни, Беларусда – 138 минг сўмни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг май ойидан бошлаб рухсатсиз тонировка учун 8 млн 250 минг сўмгача (базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари) жарима белгиланганди.
"Таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлиги билан боғлиқ қоидабузарликлар автомобил ойналарини рухсатномасиз қорайтириш учун белгиланган жарималардан устуворлик жиҳатидан муҳимроқ ҳисобланади. Шунингдек, кейинги йилларда йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларининг бузиш оқибатида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари, шу жумладан, инсон ўлимига олиб келаётган ЙТҲлар сони кўпайиб бормоқда (2023 йилда 9839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, шулардан 9209 тасида фуқаролар жабр кўрган бўлиб, 2282 таси одам ўлимига сабаб бўлган)", дейилади хабарда.
Агентликка кўра, фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита дахлдор бўлган ЙТҲлар учун белгиланган жарималарни қайта кўриб чиқиш ва оғирлаштириш зарур (пиёдалар йўлакларида транспорт воситаларида ҳаракатланиш (170 минг сўм), пиёдалар йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши (113 минг сўм).
Маълумот учун, Германияда пиёдани ўтказиб юбормаганлик учун белгиланган жарима миқдори 1,1 млн сўм, Буюк Британияда – 1,6 млн сўм, Францияда – 1,85 млн сўм, БААда – 1,7 млн сўмни ташкил этади.
Қайд этилишича, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор мамлакатларда (Беларусь, Латвия, Қозоғистон, Россия, Германия, Италия) маъмурий жазонинг алоҳида тури сифатида “огоҳлантириш” институти жорий қилинган. “Огоҳлантириш” жисмоний ва юридик шахсларнинг соғлиғи, ҳаёти ва мулкига, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилади.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (23-модда) мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун 7 турдаги маъмурий жазо қўлланилиши мумкин. Бироқ маъмурий жазо тури сифатида “огоҳлантириш” қўлланилмайди.
Шу муносабат билан Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилган:
- жорий маъмурий жарималар миқдорини уларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблигини текшириш;
- фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи билан бевосита боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорини ошириш масаласини кўриб чиқиш;
- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс нормаларининг коррупцияга қарши комплекс экспертизасини ўтказиш;
- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга маъмурий жазонинг алоҳида тури сифатида “огоҳлантириш” институтини киритиш.
LiveБарчаси